Сенатор Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган халқаро конференцияда иштирок этди
Жорий йилнинг 8-9 апрель кунлари Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси А.Эшмуратов Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган «МДҲ давлатларининг умумий миграция макони: замонавий таҳдидилар ва ривожланиш истиқболлари» мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этди.
Тадбирда хорижий давлатлар парламентлари аъзолари, халқаро ташкилотларнинг минтақавий ваколатхоналари вакиллари, олимлар ва соҳа мутахассислари қатнашди.
Анжуман давомида глобаллашув, технологик тараққиёт ва мобилликнинг янги шакллари миграция жараёнларига таъсир кўрсатаётгани қайд этилди. Шунингдек, ўзгарувчан иқтисодий шароитда хавфсиз ва инсонпарвар миграция муҳитини яратиш, ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш, соҳани рақамлаштириш, ноқонуний миграцияга қарши курашиш ҳамда эҳтиёжманд мигрантларни ҳимоя қилиш ва гуманитар қўллаб-қувватлашни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирда мураккаб геосиёсий шароитда мажбурий ва назорат қилинмайдиган миграция ҳамда унга боғлиқ ноқонуний фаолият кучайиб бораётгани, янги таҳдидлар пайдо бўлаётгани таъкидланди. Шу муносабат билан МДҲ мамлакатлари миллий миграция қонунчилиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириб, мигрантлар ҳуқуқлари, бизнес манфаатлари ва давлат вазифалари ўртасида мувозанатни таъминлаши зарурлиги қайд этилди.
Тадбир якунида иштирокчилар парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш ва қўшма ташаббусларни амалга оширишдан манфаатдор эканлигини билдирдилар.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг