Сенатор халқаро илмий-амалий конференцияда иштирок этди

15:10 13 Апрель 2026 Сиёсат
210 0

Жорий йилнинг 13 апрель куни Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Бахром Абдуллаев Ренессанс таълим университетида бўлиб ўтган «Олий таълим ва меҳнат бозори ҳамкорлигини ривожлантириш: ютуқлар, муаммолар ва ечимлар» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияда иштирок этди.

Халқаро анжуманда 20 дан ортиқ давлатдан 60 нафардан зиёд етакчи олим ва мутахассислар қатнашди.

Тадбирда сенатор сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан олий таълим тизими ва меҳнат бозори ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш борасида белгилаб берилган устувор вазифалар юзасидан маъруза қилди.

Ўз нутқида у мазкур йўналишда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, жумладан, таълим мазмунини замонавий талаблар асосида янгилаш, инновацион ёндашувларни кенг жорий этиш, иш берувчилар билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Қайд этилганидек, ёшлар бандлигини таъминлашда олий таълим тизими ва меҳнат бозори ўртасидаги самарали ҳамкорлик ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Таълим муассасалари томонидан берилаётган назарий билимлар амалий кўникмалар билан уйғунлашган тақдирдагина битирувчилар меҳнат бозорида рақобатбардош кадр сифатида шаклланади.

Таъкидланганидек, мазкур конференция иштирокчилар ўртасида илмий тажриба алмашиш, янги ёндашувларни шакллантириш ҳамда истиқболли халқаро ҳамкорликни ривожлантириш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер