Сенатор Иқлим ўзгариши бўйича Марказий Осиё конференциясида иштирок этди
2023 йил 16 май куни Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси раиси Б. Алиханов Душанбе шаҳрида бўлиб ўтаётган Иқлим ўзгариши бўйича Марказий Осиё конференциясида (SARES-2023) онлайн тарзда иштирок этди.
Шунингдек, тадбирда Марказий Осиё мамлакатлари соҳа вазирликларининг ваколатли вакиллари, тадбиркорлар, экспертлар ҳамжамиятининг вакиллари, ривожланиш бўйича халқаро ҳамкорлар, тараққиёт банклари, ёшлар иттифоқлари, иқлим ўзгариши соҳасида фаолият юритувчи фуқаролик жамияти ташкилотлари вакиллари иштирок этди. Конференция давомида иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, мазкур ўзгаришларга мослашиш ва ушбу оқибатларга тармоқлараро барқарорликка эришиш ташаббуслари муҳокама қилинди.
Б. Алиханов ўз сўзида иқлим ўзгаришининг интенсивлигини баҳолаш методологиясини, уларнинг глобал, минтақавий ва маҳаллий миқёсдаги таъсир векторларини ўрганиш ва батафсил таҳлил қилиш, салбий оқибатларни минималлаштириш учун профилактика ва бартараф этишнинг мумкин бўлган мақбул ечимларини излашга эътибор қаратди. У таъкидлаганидек, тадқиқотда Марказий Осиёда, хусусан, Ўзбекистон Республикасида глобал иқлим ўзгаришларига мослашиш масалалари кўриб чиқилади. Узоқ муддатли кузатишлар натижасида олинган маълумотлар таҳлили асосида минтақанинг айрим ҳудудларида исиш жараёни кўрсаткичларининг ўсиш даражаси ва унинг Орол денгизи ҳавзасидаги прогрессив деградация жараёнларига таъсири даражаси ҳамда музлик массаларининг эриши аниқланган.
Тадбир иштирокчилари SARES-2023 Марказий Осиё давлатларининг Париж келишуви бўйича мажбуриятларини бажариш муаммолари ва имкониятлари бўйича минтақавий кўп томонлама мулоқот майдонига, томонларнинг 28-конференциясида ҳамкорликда мувофиқлаштирилган тайёргарлик ҳамда иштирок этиш орқали давлатлар ва бошқа манфаатдор томонларни қўллаб-қувватлаш ҳамда тажриба алмашиш ва Марказий Осиёда иқлим бўйича ташаббус ва лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш учун амалиётчиларнинг профессионал ҳамжамиятини тузишга кўмаклашиш платформасига айланганини таъкидладилар.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг