Сенатнинг муносабатига Давлат солиқ қўмитаси жавоб берди
Архив сурат
Жорий йилнинг 9 апрель куни Олий Мажлис Сенатининг расмий веб-сайтида “Солиқ қўмитаси ва Марказий банкнинг қўшма қарори лойиҳаси қонуний меъёрлар асосида қайта ишлаб чиқилиши лозим” мавзусида муносабат эълон қилинган эди.
Унда Давлат солиқ қўмитаси ва Марказий банкнинг regulation.gov.uz веб саҳифасига қўйилиб, кенг мунозараларга сабаб бўлаётган “Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва тижорат банклари томонидан банк ҳисобварақларига оид ахборотларни Давлат солиқ қўмитасига электрон узатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қўшма қарори лойиҳаси танқид остига олинган ҳамда ундаги меъёрлар Солиқ кодексида белгиланган меъёрларга мувофиқ қайта ишлаб чиқилиши лозимлиги таъкидланган эди.
Куни кеча Давлат солиқ қўмитасининг раис ўринбосари имзоси билан Сенатга йўлланган хати олинди (13.04.2020 йилдаги 03/2-12794-сон билан). Таъкидланишича, махсус комиссиянинг қарорига мувофиқ ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар ижро муддати икки ойга узайтирилган. Шунингдек, таклифлар ҳамда эътирозларни инобатга олиниб, Низом лойиҳасини веб саҳифадан (regulation.gov.uz) чиқарилган.
Албатта, Олий Мажлис Сенати Давлат солиқ қўмитасининг танқид, таклиф ва эътирозларга тўғри муносабатда бўлганлигини ижобий баҳолайди. Шунингдек, мазкур ҳужжат лойиҳаси ва шу каби тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларига дахлдор барча меъёрий ҳужжатлар доимий назорат остида бўлишини билдиради.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг