Сенатда МДҲ ПАнинг узоқ муддатли миссияси делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди

18:11 02 Декабрь 2019 Жамият
849 0

2019 йил 2 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоевнинг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи давлатларида демократия, парламентаризм ривожланишини ва фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш халқаро институти директори вазифасини бажарувчи Елена Голоулина бошчилигидаги МДҲ ПАнинг узоқ муддатли миссияси делегацияси билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда юқори палата ахборот хизмати хабар берди.

МДҲ ПАнинг узоқ муддатли миссияси сайлов кампанияси бошлангани эълон қилинган вақтдан бошлаб ахборот маконини ўрганиш орқали Ўзбекистондаги парламент сайловини кузатишга амалда киришди.

Учрашувда МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси билан ҳамкорлик ҳақида сўз борганда Ўзбекистон мазкур нуфузли тузилмадаги иштирокини тиклагани, 50-юбилей мажлисида республикамиз делегацияси фаол иштирок этгани таъкидланди.

Учрашувда С.Сафоев таъкидлаганидек, бўлажак сайлов мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар бардавом бўлишини халқаро ҳамжамиятга кўрсатишга қаратилган. Кейинги йилларда юзага келган ижтимоий-сиёсий вазият, одамлар онги ўзгаргани, сайловни ташкил этишга янгича ёндашишни талаб этиши, бу эса халқаро ташкилотлар, жумладан МДҲ ПА билан ҳамкорлик қилиш масаласи янада долзарб аҳамият касб этгани алоҳида қайд этилди. Ушбу жараёнда МДҲ ПАнинг узоқ муддатли кузатувчилари илк бор қатнашаётгани муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистонда бўлажак сайловни демократия тамойилларига мувофиқ ташкилий жиҳатдан юқори даражада ўтказиш учун барча ишлар амалга ошириляпти. Ўтган сайловда халқаро кузатувчилар, шу жумладан ЕХҲТ, МДҲ ва бошқа нуфузли халқаро институтлар кузатувчилари миссиялари томонидан билдирилган тавсияларнинг 90 фоизи миллий қонун ҳужжатларига татбиқ этилганини айтиш кифоя.

Халқаро кузатувчилар сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари кодификациясини ижобий баҳолаб, Сайлов кодекси мамлакатда кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтгани ҳамда Европа Кенгаши Венеция комиссияси ва ДИИҲБ томонидан халқаро экспертизадан ўтказилгани ушбу ҳужжат очиқ тарзда қабул қилинганидан ва демократия стандартларига тўлиқ мос келишидан дарак беришини таъкидладилар.

МДҲ ПА узоқ муддатли миссияси вакиллари МДҲ ПА узоқ муддатли миссияси Марказий сайлов комиссияси ва сайлов комиссиялари, сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини кузатишини қайд этдилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер