Сенат Раиси Женевада қатор нуфузли халқаро тузилмалар раҳбарлари билан учрашди
Аввал хабар берганимиздек, Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Халқаро меҳнат конференциясининг 111-сессиясида иштирок этиш учун Швейцариянинг Женева шаҳрида амалий ташриф билан бўлиб турибди.
Сенат Раиси ташриф доирасида 12 июнь куни бир қатор икки томонлама учрашувлар ўтказди. Халқаро Меҳнат ташкилоти бош директори Жилбер Унгбо билан бўлиб ўтган мулоқотда Ўзбекистон ва ХМТ ўртасидаги алоқаларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари, хусусан ҳамкорлик қамровини кенгайтириш, жумладан, мамлакатимизда муносиб меҳнат шароитларини тизимли татбиқ этиш масалалари эътибор марказида бўлди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистоннинг ушбу ташкилот билан кейинги йиллардаги амалий ҳамкорлиги натижасида меҳнат муносабатлари тизими мустаҳкамлангани, соҳада 10 та юксак кўрсаткичга эришилгани алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилотининг Ижтимоий адолат коалициясини тузиш, Ўзбекистонни Европа ва Марказий Осиё минтақасидан биринчилардан бўлиб Коалиция аъзолари қаторига киритиш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Сенат Раиси мамлакатимизнинг ХМТ билан ҳамкорлигига тўхталар экан, Ўзбекистон ҳамиша халқаро меҳнат стандартларига қатъий риоя қилиш йўлидан бориши, бу масалалар давлат сиёсатининг устувор йўналиши эканлиги, меҳнат муносабатлари соҳасида янги қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш орқали ХМТ билан ҳамкорликни янада тизимли мустаҳкамлаш Ўзбекистон учун муҳимлигини таъкидлаб ўтди.
Ўз навбатида, Ж.Унгбо Ўзбекистонда инсон манфаатларини биринчи ўринга қўяётган кенг кўламли ислоҳотлардан яхши хабардор эканини таъкидлади. ХМТ раҳбари мамлакатимизда олиб борилган конституциявий ислоҳотларга тўхталар экан, Ўзбекистоннинг ижтимоий йўналтирилган давлат қуришдаги қатъияти ва иродасини юқори баҳолади. Шунингдек, эришилган ўзаро алоқалар даражасига тўхталиб, бу борада Ўзбекистон ҳамкорлик йўналишида ҳам, ХМТнинг энг юқори стандартларига тўла жавоб берадиган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда ҳам жаҳон мамлакатлари учун намунали давлат деб билишини алоҳида қайд этди.
Учрашув якунида меҳнат муносабатлари йўналишида истиқболдаги режаларни ҳаётга татбиқ этишда ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, биргаликда амалга ошириладиган лойиҳаларни фаоллаштиришга келишиб олинди.
Халқаро ижтимоий таъминот ассоциацияси (ИССА) Бош котиби Марсело Аби-Рамиа Каэтано билан учрашув давомида эса икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди. Жумладан Ўзбекистоннинг Ташкилотдаги янада фаол иштироки бўйича биргаликдаги лойиҳаларни давом эттиришга эътибор қаратилди.
Суҳбат чоғида Т.Нарбаева Ассоциация томонидан ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича асосий чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга жорий этилаётгани ва уларнинг самарали натижаларига кўра, дунё бўйлаб ижтимоий таъминот механизмларини ишлаб чиқиш соҳасида муҳим таклифлар тайёрланаётганига тўхталиб ўтди. Бу эса ўз навбатида Ассоциациянинг ижтимоий таъминот соҳасида нуфузли халқаро механизм сифатидаги глобал роли тобора ортиб бораётганидан далолат эканини қайд этди.
М.Каэтано Ўзбекистон томонидан ижтимоий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш масаласини давлат сиёсатининг устувор вазифаси даражасига кўтарилаётгани ҳурматга сазовор эканини таъкидлади. Мамлакатда амалга оширилаётган институционал ислоҳотлар, хусусан, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ташкил этилишига тўхталар экан, Бош котиб глобал миқёсда аҳамияти ниҳоятда ортиб бораётган масалаларни ҳал этишда бундай ихтисослаштирилган идорани ташкил этиш муҳимлигини қайд этди. Шу муносабат билан Бош котиб Халқаро ижтимоий таъминот ассоциацияси Ўзбекистонда янги ташкил этилган агентлик билан ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёрлигини билдирди.
Мулоқот якунида Халқаро ижтимоий таъминот ассоциацияси билан аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишни фаол ва ҳар томонлама ривожлантириш юзасидан истиқболли лойиҳа ва дастурларни амалга оширишга келишиб олинди.
Шунингдек, Т.Нарбаева Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнаткашлар билан ишлаш бюроси директори Мария Хелена Андре билан мулоқот ўтказди.
Суҳбат чоғида муносиб меҳнат ва ижтимоий ҳимоя тамойилларини жорий этиш, норасмий бандликка қарши курашиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини асосий даромад билан таъминлаш, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш соҳасида халқаро стандартларни жорий этиш масалаларига эътибор қаратилди
Т.Нарбаеванинг таъкидлашича, Бюро бугунги кунда турли давлатлар, жумладан Ўзбекистонда ҳам меҳнат муносабатлари соҳасидаги долзарб институционал муаммоларни ҳал этилишида фаол кўмак кўрсатмоқда, бунинг натижасида Ўзбекистон касаба уюшмалари ва бошқа тузилмалар билан минтақавий ва глобал ҳамкорлиги ривожланиб бормоқда.
– Биз бандликни яхшилаш, норасмий иқтисодиётни қисқартириш ва ижтимоий ҳимояга қаратилган тизимли чора-тадбирларни биргаликда амалга оширишдан манфаатдормиз ҳамда Касаба уюшмалари федерацияси, айниқса, Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академиясининг салоҳиятини оширишда ХМТнинг фаол иштирокига умид билдирамиз, – деди Сенат Раиси.
ХМТ Бюроси раҳбари ҳар қандай модернизация жараёнида меҳнаткашлар ҳуқуқлари, уюшмалар эркинлиги, муносиб меҳнат ҳуқуқини кафолатлашнинг асосий тамойилларига таянган иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш устувор бўлиши зарурлигини таъкидлади.
– Ўзбекистонда ХМТ билан ҳамкорликда ҳуқуқий ва институционал асосларни мустаҳкамлаш бўйича кўп ишлар қилинди. Энди эришилган натижалар барқарорлигини таъминлаш вақти келди, – деди Мария Хелена Андре.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг