Сенат Раиси Туркий маданият ва мерос халқаро фонди президенти билан учрашди

16:09 13 Апрель 2023 Сиёсат
1816 0

Жорий йилнинг 13 апрель куни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева «Ўзбекистонда Шуша шаҳри кунлари» маданий тадбирида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган Туркий маданият ва мерос халқаро фонди Президенти Гюнай Эфендиевани қабул қилди.

Учрашувда Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ташкилоти тузилмалари билан ҳамкорлиги, жумладан маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни янада ривожлантириш масалалари томонларнинг диққат марказида бўлди.

Жумладан, Сенат Раиси икки томонлама муносабатларнинг бирдек муҳим йўналиши, бу сўзсиз маданий-гуманитар соҳа эканлигини, Туркий маданият ва мерос халқаро фондининг туркий халқлар маданияти ва меросини асраб-авайлаш, тиклаш ва оммалаштиришга қаратилган фаолиятини юксак баҳолашини таъкидлаб ўтди. Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилоти ва унинг ихтисослаштирилган институтлари билан доимий ҳамкорликни ривожлантираётгани қайд этилди.

Ўз навбатида, Туркий маданият ва мерос халқаро фонди президенти Гюнай Эфендиева самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Озарбайжон–Ўзбекистон муносабатлари бугун ҳар қачонгидан юқори даражага кўтарилганига алоҳида тўхталди. Шунингдек, Гюнай хоним Туркий давлатлар ташкилоти доирасида Ўзбекистон томонидан илгари сурилаётган ташаббусларни юқори баҳолади.

Мулоқот чоғида жорий йилда Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ташкилотига раислиги доирасида 40 га яқин, жумладан, маданий-гуманитар йўналишда тадбирлар ўтказиш режалаштирилгани, бунда ҳамкорликдаги ташаббус ва лойиҳаларни амалга оширишда фонднинг иштирокига ҳам эътибор қаратилди.

Учрашув якунида икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада кенгайтиришга, ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил давом эттиришга келишиб олинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер