Секторлар — муаммолар ечимида самарали механизм
Ҳасан ПАЙДОЕВ - “Халқ сўзи”
Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига мувофиқ, ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўйича ҳар бир вилоят, туман ва шаҳар тўрт секторга ажратилгани халқ билан мулоқот қилиш, энг ўткир, долзарб масалаларга ечим топиш самарадорлигини ошириш имконини беряпти.
Айни пайтда секторлар асосий эътиборни муайян ҳудуд аҳолисининг турмуш шароити ҳамда даражасини юксалтириш, одамларни қийнаётган муаммоларни иложи борича жойида ҳал этишга қаратмоқда.

Хусусан, Қораўзак туман прокурори раҳбарлигидаги 2-сектор ҳам ўз ҳудудидаги аҳоли муаммолари мунтазам ўрганиб, ижобий ечим топиш чораларини кўраётир.
Хусусан, Қораўзак туман 2-секторга бириктирилган А. Досназаров номидаги ва “Қуралпа” ОФЙ ҳудудида уйма-уй юриб ўрганишлар натижасида эҳтиёжманд, ижтимоий ёрдамга муҳтож 147 та оила аниқланиб, “темир дафтар”га киритилиб, моддий ва молиявий ёрдам кўрсатилди.
Шунингдек, мазкур оилаларнинг 179 нафар ишга лаёқадли ишсиз аъзоларини тадбиркорликка жалб қилиш, субсидиялар олиб бериш, ишга жойлаштириш орқали бандлиги таъминланиб, доимий даромад манбаи яратилди. Бундан ташқари, сектор раҳбари томонидан ҳудуд аҳолисининг яшаш шароитини янада яхшилаш мақсадида бир қанча ижобий ишлар амалга оширилди.

“Қуралпа” ОФЙ ҳудудидаги “Қипшақ” овули ҳудудидаги коллекторга кўприк қуриб берилиб, ҳудудда яшовчи 39 та оиланинг 301 нафар аъзоларининг узоғин яқинлаштирилди ҳамда умумтаълим мактабига таълим олиш учун қатновчи 63 нафар фарзандларимизнинг хавфсизлиги таъминланиб, халқнинг узоқ йиллардан бери мавжуд муаммоси ижобий ҳал қилинди, — дейди Қораўзак туман прокурори, адлия маслаҳатчиси Н. Джоламанов. — Шунингдек, сектор раҳбари томонидан “Қуралпа” ОФЙ марказида “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган уй-жойга муҳтож ёш оилаларга 6 та 3 хонали турар жойлар қуриб берилмоқда. Мазкур уй-жойлар қурилиши натижасида ижтимоий ёрдамга муҳтож ҳужаликлардаги ёш оилаларнинг уйсиз қийналиб, ижарама ижарада саргоздон юришининг олди олиниб, соғлом ва баркамол ёш авлодни тарбиялашига имкон яратилди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Сектор раҳбари томонидан фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш бўйича манзилли ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг 1-чорагида 2-сектор “Қуралпа” ОФЙ ҳудудида яшовчи “ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар билан уйма-уй юриб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш бўйича олиб борилган тушунтиришлар давомида фуқаро Р.Мамбеткаримова оилавий болалар боғчасин ташкиллаштириш нияти бор эканлиги аниқланиб, фуқарога амалий ёрдам кўрсатилиб, болалар боғчаси ташкиллаштириб, давлат рўйхатидан ўтказиб берилди. Натижада ҳудудда яшовчи оилалардаги боғча ёшидаги болаларнинг сифатли ва малакали мактабгача таълим ва тарбия олишига имкон яратилди.

Қораўзак туман прокурори, адлия маслаҳатчиси Н. Джоламановнинг маълум қилишича, “Қуралпа” ОФЙ ҳудудида яшовчи “аёллар дафтари”га киритилган фуқаро М.Генжебековага тикувчилик билан шуғулланиши учун 15 млн. сўм имтиёзли кредит ажратилишига амалий ёрдам кўрсатилиб, ҳомийлар ёрдамида тикув машинаси ва “оверло” совға қилинди. Натижада ҳудуддаги 3 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди.

Шунингдек, тумандаги А. Досназаров номидаги ОФЙ ҳудудида яшовчи фуқаро Ж.Нысанбаевнинг “хўжалик совуни” маҳсулотларини ишлаб чиқаришга қизиқивчилиги аниқланиб, кўрсатилган амалий ёрдамлар натижасида “Ҳар бир оила — тадбиркор” Давлат дастури доирасида “хўжалик совуни” маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун 25 млн. сўм кредит ажратиб берилиши таъминланди.

Сектор раҳбари ташаббуси билан А. Досназаров номидаги ОФЙ ҳудудида аҳоли, айниқса, ёшларнинг экологик маданиятини юксалтириш, атроф-муҳитни асрашга бўлган эътиборини янада кўчайтириш, она табиатни келажак авлодлар учун асраб-авайлаш, экологик ҳолатни яхшилаш мақсадида кўнгилли ёшлар билан биргаликда “Тоза ҳудуд” лойиҳаси амалга оширилди.
Акция давомида 200 тадан ортиқ мевали дарахтлар экилиб, ижтимоий объектларнинг атрофлари ободонлаштирилди, ижтимоий ҳимояга муҳтож, якка-ёлғиз кексаларнинг уй атрофлари тозаланиб, томорқа ерларига ишлов берилди.

Умуман, халқ рози қилиш, уларнинг оғирини енгил, узоғини яқин, мушкулини осон этиш, муаммоларини ҳал қилишга барча масъул. Аммо бу борадаги ишларда сектор раҳбарлари бошқаларга ҳақиқий маънода намуна бўлиши лозим ва шундай бўляпти ҳам.
Раҳим ШЕРҚУЛОВ, Ғайрат ОТАЖОНОВ
“Халқ сўзи”
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг