Саволлар жавобсиз қолдирилмаяптими?
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида «Фуқаролардан келиб тушаётган саволларга ўз вақтида ва тўлиқ жавоб беришнинг аҳамияти» мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.
Адлия вазирлиги томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда малакали мутахассислар фуқаролардан келиб тушаётган саволларга жавоб беришнинг қонуний тартиблари ва талаблари бўйича ОАВ вакилларига маълумот бериб ўтди.
Жумладан, Адлия вазирлигига жисмоний ва юридик шахслар қуйидагича мурожаат қилишлари мумкин:
- бевосита адлия вазирлигига келиб мурожаат қолдирган ҳолда;
- 1008 «Ишонч телефони» орқали;
- info@adliya.uz электрон почта манзили орқали;
- жойларда ташкил этиладиган сайёр қабуллар орқали;
- вазирлик раҳбариятининг шахсий қабулларида;
- вазирликнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ва телеграм бот орқали.
Шу йилнинг 1-чораги давомида адлия органлари ва муассасаларига жами 32,614 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, ушбу мурожаатларнинг 17,473 тасини ариза, 15,054 тасини шикоят, 87 тасини таклифлар ташкил этган.
Мазкур мурожаатларнинг 15,140 таси қаноатлантирилган ва фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган, 9,890 таси юзасидан тушунтириш берилган, 131 таси эса рад этилган.
— Мурожаатлар соҳалар кесимида таҳлил қилинганда маълум бўлишича, меҳнат низоларига оид мурожаатлар 4,793 тани ташкил этиб, шундан 3,092 таси иш ҳақи масаласида, ижтимоий ҳимояга оид мурожаатлар 1,517 та, уй-жой масаласидаги мурожаатлар 818 та, ерга доир қонун ҳужжатларига оид мурожаатлар 795 та ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ мурожаатлар 469 тани ташкил этган, — дейди Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Севара Ўринбоева. — Бундан ташқари, Адлия вазирининг 2018 йилдаги тегишли буйруғи билан вазирликда “Call center” ташкил қилинган бўлиб, шу йилнинг 1-чораги давомида вазирликнинг 1008 – «Ишонч телефони» орқали 3,323 та мурожаатлар келиб тушган, уларнинг 396 таси қаноатлантирилган ва 1089 тасига ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.
Анжуманда таъкидланганидек, мурожаатларни кўриб чиқишда ходимлар томонидан қуйидагиларга алоҳида аҳамият берилмоқда:
- фуқаро ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш
ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилинишига масъулият билан ёндашиш;
- мурожаатларни кўриб чиқишда қонун талабларига амал қилмаган, мурожаатларни ўрганиб чиқиш муддатларнинг бузилишига йўл қўйган масъул ходимларга нисбатан чоралар кўриш ва мунтазам равишда талабчанликни ошириб бориш;
- вазирликда ва вазирлик тасарруфидаги барча корхона ва ташкилотларда жисмоний ва юридик шахслар билан ишлаш сифатини танқидий ўрганиб чиқиш ва ва йўл қўйилган камчиликларни чуқур муҳокама этиб, мурожаатларни кўриб чиқишнинг самарадорлигини янада ошириш бўйича устувор вазифалар белгилаш;
- фуқаролар билан очиқ мулоқотни кенгайтириш, аҳолининг давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органларига бўлган ишончини мустаҳкамлашга доир чора-тадбирларни ишлаб-чиқиш ва амалга ошириш.
Бундан ташқари, Адлия вазирлигида жисмоний ва юридик шахсларнинг қабулини ташкил этиш ҳамда уларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда айрим ўзига хос жиҳатлар мавжудлиги таъкидланди.
Жумладан, Адлия вазирлигига мурожаат билан келган фуқаро шу куннинг ўзида ўз масаласини кўриб чиқиш ваколатига эга бўлган бошқарма ходимлари қабулида бўлиши, раҳбарият қабул кунлари қабулга олдиндан ёзилмаган бўлсада кириш ҳуқуқига эга эканлиги, вазирлик биносида фото, аудио ва видео тасвирга олиш воситаларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканлиги яна бир бор эслатиб ўтилди.
Анжуманда «Мадад» муассаса шаклидаги нодавлат-нотижорат ташкилотининг фаолиятига ҳам тўхталиб ўтилди.
«Мадад» ННТнинг Ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатлар ва тушунтиришлар бериш бўлимига “Advice.uz” (e-maslahat.uz) ҳуқуқий ахборот портали орқали 2019 йилнинг сентябрь ойидан 2021 йилнинг 31 май кунига қадар жами бўлиб 96,881 та ҳуқуқий масалалардаги онлайн мурожаатлар келиб тушган. Ушбу саволларнинг барчасига консультантлар томонидан онлайн режимида жавоблар юборилган. 60 та ҳудудий бюро томонидан 120 мингга яқин (118623) саволлар юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар ва тушунтиришлар берилган. Матбуот анжумани якунида журналистлар ва блогерларнинг ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан жавоб берилди.
«Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг