Сариосиёда ўқитувчиларнинг нонини туя қилганлар жиноий жавобгарликка тортилди. Улар 1,2 млрд. сўм маблағни ўзлаштириб юборган
Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани халқ таълими тизимидаги мактаб ўқитувчилари ва ходимларига декабрь, январь ойида берилиши керак бўлган иш ҳақи ўз вақтида берилмаган.
Боиси бюджетдан уларга ажратилган бу пуллар банк ходимлари томонидан банк кассасидан олиниб, ўзларининг шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборилган. Бу билан улар жуда кўп миқдордаги бюджет маблағларини талон-торож қилган.
Ушбу ҳолат юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментининг Сариосиё тумани бўлими томонидан текшириш ўтказилган.
Терговга қадар текширувда “Қишлоқ қурилиш банк” Акциядорлик-тижорат банк Сариосиё филиали чакана хизматлар бўлими бошлиғи Ш.Ш. ва бошқалар ноқонуний даромад орттириш мақсадида шу қилмишга қўл ургани аниқланган.
Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, текширув давомида Ш.Ш. ва бошқалар томонидан ўзлаштирилган 1,2 млрд. сўм бюджет пул маблағлари Департамент ташаббуси билан ундирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ш.Ш. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
ЎзА
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг