Сарғайган мактуб

12:14 28 Март 2025 Жамият
456 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Масгуда Гирфанованинг бисотида ўтган асрнинг суронли қирқинчи йилларидан ёдгор кўплаб сарғайган ҳужжатлар, ёзишма ва суратлар бор. Онахон учун ҳар бири қадрли. Улар қувончу изтироблар гирдобида кечган ёшлигини, яқинларини ёдга солади. Хотиралар уйғонади.

— Татаристоннинг Кулбаймараса қишлоғида туғилганман, — дейди у. — Акам Шабозни йўлланма билан ишлагани Бухорога юборишгани ёдимда. Юртда очарчилик, қаҳатчилик бошландию икки ўт орасида қолдик. Шунда аҳволимиз танглигидан хабар топган акам мактуб йўллаб, ҳузурига чорлади. Шу тариқа йўлга чиқдик. Не-не азобларни торта-торта Ўзбекистонга етиб келдик. Ромитандан бошпана топдик. Ўзбекларнинг бағрикенглиги, тантилиги, меҳру оқибати жонимизга оро кирди. Мен ўшанда 13 ёшда эдим. Орадан тўрт йилча ўтиб, номинг ўчгур уруш бошланди.

Масгуданинг тўртала акаси фронтга отланди. Ўзи давлат ташкилотларида меҳнат қилди. Минглаб хотин-қизлар қатори кечани кеча, кундузни кундуз демай ишлади. Бир бурда нонга қаноат қилиб яшади. Уруш тугагач икки акаси бирин-кетин уйга кириб келишди. Қолган иккиси эса...

Масгуда Иккинчи жаҳон уруши ногирони Файзираҳмон Нагаев билан турмуш қурди. Икковлон уч фарзандни оқ-ювиб, оқ тарашди. Бу орада қаҳрамонимиз Карманадаги болалар уйида, Бухоро шаҳридаги уйсозлик комбинатида меҳнат қилди. Нафақага чиққанидан сўнг ҳам уйда ўтиришни ўзига эп кўрмади. Шаҳардаги уруш ва меҳнат фахрийлари хотира – музейида ўн беш йилча жамоатчилик асосида фаолият кўрсатди.

— Эт билан тирноқни ажратиб бўлмаганидек, ҳаётимни Бухоросиз тасаввур эта олмайман, — дейди онахон. — Менинг Ватаним бу Ўзбекистон. Шу юртда умргузаронлик қилаётганимга шукроналар айтаман. Тақдиримдан мингдан-минг розиман.

Дарвоқе, Масгуда буви табаррук юз ёшда. Бухоро шаҳридаги Жалол Икромий маҳалласида истиқомат қилаётган онахоннинг хонадонига яқинда вилоят татар – бошқирд миллий-маданий маркази фаоллари келиб, уни туғилган куни муносабати билан самимий табриклашди.

— Айни пайтда Бухорода қавмимизнинг 12 минг нафардан зиёд вакили бор, — дейди марказ раҳбари Равил Забиров. — Барча миллат ва элат вакиллари билан аҳил, иноқ яшаб келяпмиз. Марказимиз «Дўстлик уйи»да жойлашган. Масгуда бувига келсак, у қавмимизнинг ёши энг улуғ вакили. Ундан маҳалладагилар, ён-атрофдаги мактабларнинг ўқувчилари ҳам тез-тез хабар олиб туришади...

Яна Масгуда Гирфанова тишининг кавагида асраб келаётган расмлару сарғайган мактубларга қайтамиз. Онахон учун бу хатларнинг бири жуда ҳам қадрли. Уни акаси Шабоз бундан 84 йил муқаддам, аниқроғи, 1941 йилнинг ёзида йўллаган. Мактубда «Бизга ҳордиқ чиқаргани бир соат вақт берилди. Мендан хавотир олманглар. Соғ-саломатман», деган сўзларни ўқиш мумкин. Тақдирнинг аччиқ кечмишини қарангки, бу мактуб ҳарбий қисм почтальони қўлига теккан паллада Шаҳбозлар қўним топган гўшага душман самолётлари калхатдек ёпирилади. Еру кўк ларзага келади. Нари борса ўн дақиқача аввал уйларига соғинч тўла мактубларни битган, ҳали ўн гулидан бири ҳам очилмаган йигитларнинг кўпчилиги ҳалок бўлади. Улар орасида Шабоз ҳам бор эди. Афсуски, ундан ёдгор бўлиб, сарғайган шу сўнгги мактуб ва суратларгина қолди. Мактубни ўқиркансан, фарзандининг, жигаргўшасининг йўлига кўз тика-тика ранги сомондек сарғайган Масгуда буви каби оналар ҳаққи-ҳурмати дунёда уруш бўлмасин, дея ҳайқиргинг келади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер