Сардоба сув омборини ким қайта қуради? Олдин қурганларми ёки тендер ўтказиладими?
Қурилиш вазирлигида Сардоба сув омборини тиклаш ишлари бўйича матбуот анжумани ўтказилди. Унда Қурилиш вазири Ботир Зокиров, Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроевлар иштирок этди.
Маълумки, Сардоба сув омбори тўғонларидан бири 2020 йил 1 май куни ёрилиши оқибатида йирик сув тошқини юз берган эди. Мазкур фавқулодда вазият туфайли 90 мингга яқин фуқаро зудлик билан хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинган, ҳодиса оқибатида камида 56 киши турли даражада тан жароҳати олган, тошқин зонасида қолиб кетган юзлаб одамлар қутқарилган, шунингдек, 4 нафар фуқаро табиий офат оқибатида ҳалок бўлган, 1 нафари бедарак йўқолган.
Матбуот анжуманида «Халқ сўзи» мухбири мутасаддилардан Сардоба сув омборини қайта қуриш вазифаси кимларга юклатилаётгани яъни сув омборини қурганларга ўпирилишдан сўнг тиклаш, қуриш ишлари яна қайта топшириладими ёки тендер ўтказиладими деган мазмунда савол берди. Ушбу саволга Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев ва Қурилиш вазири Ботир Зокиров жавоб берди.
«Ҳамма объектларни «ТўпалангсувГEСқурилиш» МЧЖ қураётгани йўқ. Масалан, Марказий Фарғона сув омбори, Булунғурда сув омбор қуриляпти ва уларни бошқалар қуряпти. У ерда шаффоф тендерлар бўлади. Ҳозир ташкилотларимиз техникалар оляпти, тажриба орттиряпти, ҳозир тендерлар бутунлай янгича, шаффоф бўлади. Ҳатто тендер аъзолари билмайди қайси ҳужжат қайси ташкилотники эканлигини.
Ҳозир вақтинчалик тўғон бўлди, у жараёнда «ТўпалангсувГEСқурилиш» МЧЖ қатнашди. Лекин иккинчи босқичда шаффоф тендер бўлади. Ҳали лойиҳанг ўзи тугалланмаган, у тугалланади, халқ билан маслаҳатлашилади, сўнг тендер бўлади», деди Шавкат Ҳамроев.
«ТўпалангсувГEСқурилиш» МЧЖ, Ўзбекистон темир йўллари ўша дамбани, етказган зарарларини таъмирлаш ишлари уларнинг ўзларига юклатилган, ўзининг ҳисобидан бу ишларни амалга оширяпти. Бу биринчи босқичдаги иш. Давлатни бир сўм пулисиз. Кейинги босқичда, лойиҳаларнинг барчаси халқаро экспертизадан ўтказилгандан кейин тендерга қўйилади. Тендерда ким ютишини вақт кўрсатади. Ҳозир мавжуд сувни ушлаб туриш учун бетондан дамба қилинди. Сув омборнинг табиий қозончасида сув бўлади, дамба қисмигача чиқмайди. Сув керак, ҳудуддаги минглаб гектар ерларни суғориш керак.
Қурилиш вазирлигининг асосий мақсади лойиҳа қурилишларида ҳақиқий рақобат муҳитини ташкил этишимиз керак. Энди «ТўпалангсувГEСқурилиш» МЧЖ ҳақида ҳам гапирсам, у кўзга кўринган ташкилотлардан бири, Бухорода йирик халқаро лойиҳамиз бор, хорижий маблағлар ҳисобига қуриладиган. Ўшанда «ТўпалангсувГEСқурилиш» МЧЖ 6-7 чет эллик ташкилотлар орасида тендерни ютиб чиқди, сифати жиҳатдан улар олиб бораётган ишларга менинг эътирозим йўқ. Сал шошилмайлик, ҳамма жавоблар чиқади, ким нима айб қилгани», дея қўшимча қилди Ботир Зокиров.
«Яна бир масала, молиялаштириш масаласида жуда кўп қийинчиликлар бўлган. Шу объект Қурилишда кўп ишларни бирданига катта маблағ сарфлаб қилиш керак. Ўзбекистон темир йўллари компанияси шунга қодир эди. Жараённи қарасангиз ҳам доим биз буюртмачи сифатида улардан қарздор бўлиб турганмиз, яъни молиялаштириш масаласида қийинчилик», деди Шавкат Ҳамроев.
Аввалроқ, Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев Сардобадаги тошқинининг Қозоғистонга зарари, томонлар музокаралари ҳақида хабар берган эдик.
Инобат АҲАТОВА,
«Халқ сўзи»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг