Санъат ва маданият ислоҳотларга камарбаста бўлиши лозим — Вазир

13:48 01 Сентябр 2023 Сиёсат
425 0

20 июль куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори в.б. Элдор Шерманов ҳамда олийгоҳ профессори Темур Рашидовни қабул қилиб, унда институт фаолиятига оид бир қатор муҳим таклиф ва ташаббуслар юзасидан фикр алмашди.

Айтиб ўтиш лозим, сўнгги йилларда олий таълим муассасаси томонидан илмий грант лойиҳаларни қўлга киритишда бир қатор муаммолар мавжуд эди. Эндиликда вазирлик кўмагида махсус комиссия хулосасига асосан, олийгоҳ томонидан тақдим қилинган учта грант лойиҳани мувафаққиятли амалга оширишга келишиб олинди.

Шунингдек, институтга ажратилган квоталар бугунги кун талаби учун кам эканлиги ҳам алоҳида таъкидланиб, вазирлик ташаббуси билан кейинги қабулда квоталар сонини бевосита оширилиши белгилаб олинди. Учрашувда институтга хорижлик абитуриентларни қабул қилиш тизимини соддалаштириш ҳамда улар учун алоҳида грантлар ажратиш лозимлигига алоҳида урғу бериб ўтилди.

Вазир томонидан ўзбек маданияти ва санъатини ўрганишга бел боғлаган хорижлик абитуриентларни қўллаб-қувватлаш орқали миллий қадрият ва санъатимизни дунёга танитиш устувор вазифа ҳисобланиши таъкидланди.

Қолаверса, институт жамоаси томонидан тайёрланган ижодий маҳсулотларнинг тижоратлаштирилиши ҳам соҳа олдидаги энг долзарб йўналиш эканлиги ҳақида фикр юртилиб, бу борада Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан олийгоҳга моддий ёрдам ҳам берилиши, центабр ойидан бошлаб Тошкент шаҳрида жойлашган барча олий таълим муассасалари талабалари учун спектакллар, ҳужжатли ва қисқа метражли фильмлар намойишини ташкил этиш, бу орқали ёшларни ватанпарварлик, эртанги кунга ишонч ва янги креатив ғояларга ундайдиган самарали тадбирлар ўтказиш бўйича масъулларга тегишли тавсиялар бериб ўтилди.

Суҳбат якунида Иброҳим Абдураҳмонов санъат ва маданият ислоҳотларга камарбаста бўлиши лозимлиги, қолаверса, инсонларнинг ички дунёси ва тафаккурини сайқаллайдиган ва эъзгу ишларга ундайдиган қурол эканлигини таъкидлаб, институт фаолиятини янада ривожлантириш учун барча имкониятлар ишга солинишини алоҳида қайд этди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер