Самарқандга 2 минг 424 бош қорамол келтирилди

09:00 11 Октябр 2020 Иқтисодиёт
2521 0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 январдаги «Чорвачилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4576-сонли қарори мамлакатимиздаги наслли чорвачилик йўналишида фаолият кўрсатаётган кластер корхоналари ҳамда фермер хўжаликлари учун катта имкониятларни яратиб берди. Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида кластер корхоналари ва чорвачилик йўналишидаги фермер хўжаликлари томонидан наслли қорамоллар келтирилмоқда.

«Ўзагроинспекция»нинг Самарқанд вилоят бошқармаси матбуот хизматининг маълумотларига кўра, 2020 йили Самарқанд вилоятига чет давлатларидан 1 минг 500 бош наслли мол олиб келиш режалаштирилган бўлиб, жорий йилнинг ўтган даври давомида 1 минг 271 бош наслли моллар келтирилди.

Хусусан, Каттақўрғон туманидаги «Достон файз нур» фермер хўжалигига Германия давлатидан 58 бош, Ургут туманидаги «Сам Казан» масъулияти чекланган жамиятига Россия давлатидан 35 бош, Жомбой туманидаги «Қора ариқ даласи» фермер хўжалигига Германия давлатидан 31 бош жами 12 та фермер хўжаликлари томонидан маҳсулдорлиги юқори бўлган наслли қорамоллар келтирилди.

Бундан ташқари, 2020 йилнинг ўтган даври давомида 1 минг 53 бош гўшт йўналишидаги қорамоллар олиб келинди. Жумладан, жорий йилнинг сентябрь ойида Тойлоқ туманидаги «Акмал Тошпўлатович» фермер хўжалигига Украина давлатидан 77 бош, Жомбой туманидаги «Элатон балиқ чорва» фермер хўжалигига Россия давлатидан 195 бош гўшт йўналишидаги (бўрдоқига боқиш учун) қорамол келтирилди.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 26 сентябрдаги «Чорвачилик тармоғига давлат томонидан субсидия ажратишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида» 2020 йил 12 майдаги 280-сон қарорига асосан, 2021-2023 йилларда чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчи хўжаликларга улар томонидан қўлда гилам тўқишга ихтисослашган ҳунармандлар ва ташкилотларга сотилган «меринос» зотли қўй ва «ангор» зотли эчкиларнинг жуни учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Қарор ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш мақсадида Иштихон туманидаги «Қаҳрамон» фермер хўжалигига Австрия давлатидан 31 бош, Қўшработ туманидаги «Камрон Жавоҳир чорвалари» фермер хўжалигига Қирғизистон давлатидан 450 бош ҳисори зотли қўйлар келтирилди.

Буларнинг барчаси аҳолини сифатли ва арзон гўшт, гўшт ва сут маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ҳамда маҳсулот нархини барқарорлаштиришга хизмат қилади.

Абдулазиз Йўлдошев
(Халқ сўзи)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер