Самарқанддаги «Silk Road Samarkand» халқаро туризм марказида замонавий дор йўли барпо этилмоқда
Самарқанд шаҳрида жойлашган «Silk Road Samarkand» халқаро туризм марказида ҳудуднинг туристик жозибадорлигини ошириш ҳамда меҳмонлар учун замонавий ва қулай транспорт инфратузилмасини яратиш мақсадида дор йўли қурилиши амалга оширилмоқда.
Лойиҳага мувофиқ, дор йўлининг умумий узунлиги 1700 метрни ташкил этади. У 35 та кабинадан иборат бўлиб, ҳар бир кабина 10 нафаргача йўловчини ташиш имкониятига эга. Соатига 1500 нафаргача меҳмонга хизмат кўрсатиш қуввати яратилади.
Мазкур лойиҳа амалга оширилиши натижасида халқаро туризм маркази ҳудудида ҳаракатланиш янада енгиллашади. Шунингдек, сайёҳлар ҳудудни баландликдан томоша қилиш ва дам олиш учун қўшимча имкониятларга эга бўлади.

— Бундан ташқари, вилоятда туризм соҳасини ривожлантириш мақсадида ишлаб чиқилган мастер-режа асосида 24/7 режимида фаолият юритадиган туризм кўчалари ташкил этиш, бешта маҳаллага «туризм қишлоғи» мақомини бериш режалаштирилган, — дейди вилоят туризм бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жўрабек Суюнов. — Шунингдек, Ургут, Нуробод, Самарқанд туманлари ҳамда Каттақўрғон сув омбори ҳудудларини қамраб олган ягона туризм зонаси дирекцияси ташкил этилади.
Шу билан бирга, Ургут, Тойлоқ, Самарқанд ва Пастдарғом туманларидаги Дарғом канали соҳилларида тадбиркорлар томонидан рекреацион масканлар барпо этиш кўзда тутилган.

Ургут туманининг Омонқўтон ва Қоратепа маҳаллаларида 80 гектар майдонда йирик туризм лойиҳалари амалга оширилади. Жумладан, Қоратепа сув омбори ва тоғ ёнбағирларида кемпинг ҳамда капсула туридаги «Eco village» шаҳарчалари барпо этилади. Омонқўтон маҳалласида хизмат кўрсатиш нуқталари ташкил қилиниб, «Омонқўтон» миллий қўриқхонасининг рекреацион зонасида сайёҳлар учун кузатув майдони ва пиёдалар йўлаклари барпо этилади.
Туманнинг Чорчинор маҳалласини «туризм қишлоғи»га айлантириш ҳам режалаштирилган. 25 миллион долларлик инвестиция ҳисобига замонавий овқатланиш масканлари, дор йўли, экоуйлар, ўтовлар, меҳмонхона, сервис ва савдо объектлари ташкил этилади. Лойиҳа натижасида 300 дан ортиқ янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг