Самарқанддаги маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш ҳолати ўрганилмоқда
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». Шу кунларда Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бошчилигидаги республика ишчи гуруҳи Самарқанд вилоятида ўрганиш ишларини олиб бормоқда. Бундан кўзланган мақсад давлатимиз раҳбарининг шу йил 3 январда қабул қилинган “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини амалиётга изчил татбиқ этишдан иборат.
Ички ишлар вазири Ургут тумани Мерганча маҳалласида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва “маҳалла еттилиги” фаолияти, шунингдек, тартибли меҳнат миграцияси юзасидан тақдимот билан танишди. Ишчи гуруҳ томонидан маҳаллада иш услуби самарасиз ташкил этилгани, профилактика инспекторининг ишлари қониқарсиз эканлиги боис маҳалла “қизил” тоифага тушиб қолганлиги танқид қилинди.

Туман сектор раҳбарлари, ҳамкор ташкилотлар масъуллари иштирокида ўтказилган йиғилишда давлатимиз раҳбарининг қарори моҳияти, уни амалга ошириш механизмлари юзасидан фикрлар билдирилиб, зарур чора-тадбирлар белгиланди.
П.Бобожонов Тойлоқ тумани Чароғбон маҳалласида ҳам бўлиб, туман сектор раҳбарлари иштирокида мазкур ҳудудда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ва “маҳалла еттилиги” фаолияти, ижтимоий кўмакка муҳтож шахсларга манзилли тиббий хизмат кўрсатиш бўйича тақдимот билан танишди.

Мулоқот давомида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини “Йўл харитаси” асосида тўлиқ ижро этиш ҳамда ижтимоий профилактика тизимини самарали йўлга қўйиш, янги иш ўринлари яратиб, фуқаролар, айниқса, ёшлар ва аёлларни бандлигини таъминлаш бўйича масъулларга зарур тавсия ва топшириқлар берилди.
Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бошчилигидаги республика ишчи гуруҳи Пастдарғом тумани маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар билан ҳам танишди. Ўтган йили вилоят учинчи сектори томонидан “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезони асосида бунёдкорлик ишлари амалга оширилган Гўзалкент маҳалласида туман сектор раҳбарлари, “маҳалла еттилиги” ва бошқа масъуллар иштирокида “Намунали хавфсиз кўча“ ва “Намунали хавфсиз йўлак“ жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.

Республика ишчи гуруҳи туманда “Хавфсиз бозор” намунасини яратиш, видеокамера, сигнализация, ташвиш тугмаси, хавф-хатардан хабар берувчи ускуна, автотураргоҳ ташкил этиш бўйича Пастдарғом туманидаги “Жума деҳқон бозори”да амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Ишчи гуруҳ томонидан вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида Президент қарорининг мазмун-моҳиятини тушунтириш ҳамда ижросини таъминлаш ишлари давом этмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг