Самарқанддаги 1126 та маҳаллага спорт жиҳозлари топширилди
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Маҳаллаларда ёшларнинг оммавий спорт билан шуғулланиши ва «Беш ташаббус олимпиадаси» доирасида ўтказиладиган мусобақаларда фаол қатнашиши учун Самарқанд вилоятидаги 1126 та маҳаллага тўрт турдаги саккиз мингга яқин спорт жиҳозлари топширилди.
Вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Рўзиев спорт жиҳозларини топшириш маросимида мусобақаларнинг бу йилги мавсумида ҳам ҳақиқий иқтидор эгалари маҳаллалардан кашф этилишини таъкидлади.

— Ушбу спорт анжомлари ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, улар орасида чемпионлар етишиб чиқишига хизмат қилади, — дейди Булунғур туманидаги Ғўбдин маҳалласи ёшлар етакчиси Нодир Мухторов. — Шу билан бирга, ёшларни соғлом турмуш тарзига ўргатиш ва жорий йилги «Беш ташаббус олимпиадаси» мусобақаларида фаол иштирок этишга ундайди.
Ўтган йилда 14-30 ёш тоифасида ўтказилган мусобақа ва танловларда самарқандликлар 11 та олтин, 10 та кумуш, 9 та бронза медали билан республикада еттинчи ўринни қўлга киритган эди.
Самарқанд вилояти ёшлари бу йилги мавсум ўйинларида ҳам фаол бўлади, деган умиддамиз.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг