Самарқандда ёпиқ велотрек спорт иншооти қурилишини Германиянинг нуфузли компанияси амалга оширади
Фото: «Халқ сўзи»
Самарқандда велоспортнинг трек тури бўйича республика ва халқаро мусобақаларни ўтказишга мўлжалланган ёпиқ спорт иншооти қурилади.
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 24 сентябрдаги қарори ижроси доирасида мазкур иншоотни халқаро стандартлар асосида қуриш учун Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов Германиянинг нуфузли “Velo Track GmbH & Co. KG” қурилиш компанияси вакиллари билан музокара олиб борди.
“Velo Track GmbH & Co. KG” ёпиқ турдаги велотрек иншоотларини лойиҳалаштириш ва қуриш бўйича катта амалий тажрибага эга бўлиб, компания Англия, Индонезия, Жанубий Корея, Туркия ва бошқа давлатларда айни йўналишда бунёдкорлик ишларини амалга оширган.
Учрашувда компания вакиллари Э.Турдимов баён этган таклифлардан келиб чиқиб Самарқанд вилоятининг бир қатор ҳудудларини ўрганиб чиқиши ва ана шу ҳудудлардан бири танланиб, унда велотрек қуриш мумкинлигини билдирди. Бу жараёнда компания лойиҳа таклифини тайёрлайди.
Мулоқотда қайд этилганидек, мазкур спорт мажмуасининг барпо этилиши спортчиларимизнинг келгусида Осиё ва Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўришларига, йирик халқаро мусобақаларга мезбонлик қилиши ҳамда туризмни ривожлантиришга хизмат қилади.
Абдулазиз Йўлдошев,
«Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг