Самарқандда янги тоннель қурилиши бошланди
Фото: Халқ сўзи
Аввалроқ хабар берганимиздек, «Самарқанд шаҳри инфратузилмасини модернизация қилиш» бўйича 2022-2026 йилларга мўлжалланган инвестицион лойиҳа асосида Самарқандда иккита тоннель, иккита кўприк, йўллар ва сув иншоотлари қурилиши режалаштирилган.
Мазкур лойиҳа учун давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 2 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан 300 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит маблағлари ажратилиши белгиланган.
Бугунги кунда шаҳарнинг Гагарин ва Мирзо Улуғбек кўчалари кесишмасида қазиш ишлари олиб борилиб, узунлиги 44 метр бўлган тоннель қурилишига киришилди. Ушбу лойиҳа «Меъмор Ўткир Човка ЛЛC” (Ўзбекистон) & “Shaanxi Road and Bridge Group Co., Ltd” (Хитой) - консорциуми томонидан амалга оширилмоқда.
Ҳозирда чорраҳада босқичма-босқич электр энергияси ҳамда алоқа тармоқларини кўчириш ишлари олиб бориляпти. Айни пайтда чуқурлиги 5 метр, эни 190 сантиметр бўлган хандақ қазилиб, сув оқова тармоқларини ўтказиш учун бетон қувурлар ташланмоқда.
— Қурилиш ишларида 5 нафар хитойлик ва туркиялик малакали мутахассислар ҳам яқиндан ёрдам беряпти, — дейди лойиҳанинг техника хавфсизлиги бўйича муҳандиси Алишер Умидов. — Ҳозиргача 170 метрдан зиёд масофадаги эски коммуникация тармоқлари хавфсиз ҳудудга кўчирилди.
Объектда вилоят ҳудудий электр тармоқлари корхонаси, «Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти филиали, «Самарқанд сув таъминоти» МЧЖ мутахассислари ўзларига белгиланган ҳудудларда меҳнат қилмоқда.
Асосий қазиш ва кавлаш ишлари Тойлоқ туманидаги «Шуҳрат Қамбаров газ сервис» хусусий корхонаси ишчилари зиммасига юклатилган.
— Ҳудудни тозалаб, хандақ кавлашда ер остида кўмилиб кетган, бироқ айни пайтда ишлаб турган коммуникация ва оқова, электр энергияси тармоқларини чиқариб олиш бироз қийин бўлмоқда, — дейди «Шуҳрат Қамбаров газ сервис» хусусий корхонаси раҳбари Ш.Қамбаров. — Аммо махсус техникалар ва тажрибали мутахассислар ёрдамида бу ишларни амалга ошириб келяпмиз.
Шунингдек, қайд қилинган лойиҳа доирасида Гагарин ва Рудакий кўчалари кесишмасида узунлиги 50 метр бўлган яна бир тоннель, Гагарин кўчасидаги темир йўл устида 78 метр, Сиёб канали устида 165 метр бўлган 2 та кўприк қурилиши режалаштирилган. Мазкур ҳудудлардаги барча коммуникация тизимлари кўчирилиб, автомобиллар ва пиёдаларнинг хавфсиз ҳаракатланиш схемалари тасдиқланганидан сўнг босқичма-босқич қурилиш ишлари бошланади.
Бундан ташқари йўллар қурилиши ҳам режалаштирилган. Хусусан, Амир Темур кўчасининг Бўстонсарой кўчасидан Гагарин кўчасигача 2,3 километр ҳамда Гагарин кўчасининг Гулобод кўчасидан М-37 автомобиль йўлигача 9,2 километр қисми қурилиб, реконструкция қилинади.
Самарқанд шаҳри инфратузилмасини модернизация қилишда сув иншоотлари қурилиши ҳам кўзда тутилган. Жумладан, 6 та насос станцияси, 2 та сув иншоотлари реконструкция қилинади. Жами 11,2 километр, шундан Амир Темур кўчасида Бўстонсарой кўчасидан Гагарин кўчасигача 2,3 километр ҳамда Гагарин кўчасида 8,9 километр ичимлик сув тармоқларини қуриш ишлари амалга оширилади.
Бугунги кунда Амир Темур кўчасининг Гагарин кўчаси кесишмасидан Бўстонсарой кўчасига қараб қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.
Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг