Самарқандда Устозлар миллий форуми бўлиб ўтди
Фото: Халқ сўзи
Иштихон туманидаги истироҳат боғида бўлиб ўтган мазкур тадбирда Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов иштирок этди.
Вилоятдаги фаол ўқитувчилар таклиф этилган форумда таъкидланганидек, давр шу қадар шитоб билан ўтяптики, ислоҳотларнинг барча босқичи илм-фан, техника асосида жадаллик билан ривожланишни тақозо қилмоқда. Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари ҳар бир чиқишларида таълим муассасаларида ўқув жараёнини замонавийлаштириш, халқаро талаблар даражасига кўтариш вазифасини қўймоқда.
Президентимизнинг 2022 йил 3 февралда қабул қилинган «Халқ таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармойишига асосан Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси, Самарқанд давлат университетининг Ўзбекистон - Финландия педагогика институти ва ҳудудий малака ошириш маркази ҳамкорлигида мутахассис ва 2-тоифали ўқитувчилар малакасини оширишга мутасадди этиб белгиланди. Ана шу ўқитувчиларга методик ёрдам берувчи мобил методик гуруҳлар ташкил этилди. Бу гуруҳлар ўқитувчилар билан белгиланган кунларда оффлайн ёки онлайн шаклда машғулот олиб борадилар. Асосий мақсад мутахассис ва иккинчи тоифадагиларни биринчи ва олий тоифали ўқитувчилар сафига қўшишдир.

Бинобарин, мобил методик гуруҳлар, аввало, юқорида айтилган тоифа педагоглари ўртасида тарғибот ишларини олиб боради, ўз устида ишлаш, интилиш нечоғлик самарали эканлигини тушунтиради. Бунинг учун 420 нафар тажрибали, фидойи, олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар саралаб олинган. Улар ўтган беш ой давомида 167 та таянч мактабларда ёш ва малака тоифаси бўлмаган 10 минг нафарга яқин педагоглар учун маҳорат дарслари ташкил этди. Шунингдек, вилоятдаги 30 та мактабда ҳам бундай гуруҳлар йўлга қўйилди. 9 та фан бўйича ҳафталик, ойлик ва ярим йиллик мониторинглар олиб борилди. Методик хизмат бўлими томонидан 100 нафардан ортиқ ўқитувчининг илғор тажрибалари вилоят миқёсида, яна шунча муаллимнинг тажрибаси эса мамлакат миқёсида оммалаштирилди.
Табиийки, бу жараён мактаблар ҳаётига ўзига хос жўшқинлик берди. Кўплаб дарслар очиқ тарзда ўтказиляпти. Ўқитувчилар дарс самарадорлигини оширишда бир-бирига кўмаклашяпти.
— Вилоят халқ таълими бошқармаси Миллий рейтинг кўрсаткичлари бўйича республикамизда 10 ўринда турибди, бу яхшими? Бу саволни ўзимиз ўзимизга беришимиз керак, — деди тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов. — Иштихон туманидаги 1-ИДУМ вилоятда биринчи ўринда, республикадаги 10 мингта мактаб орасида 25-ўринда. Нарпай туманидаги 63-мактаб вилоятда охирги, республикада 9557 ўринда. Шунингдек, Каттақўрғондаги 67-мактаб, Нурободдаги 24-мактаб, Нарпай туманидаги 2-мактаб рейтингда вилоятда ҳам, республикада ҳам қуйи ўринларда. Бу мактаб раҳбарлари хулоса чиқариш керак, виждони қийналиши керак.
Дарҳақиқат, Миллий рейтинг бўйича вилоятда ўтган йилга нисбатан бироз ўсишга эришган бўлсада, ҳали олдинда долзарб вазифалар турибди. Шунга кўра яхши кўрсаткичларга эришмаган мактаблар билан ишлаш режаси тузиб олинди. Мисол учун, таълим сифати паст мактабларга вилоятдаги, қолаверса, бошқа юртимиз бўйлаб тажрибали, олий ва биринчи тоифали ўқитувчиларни жалб этган ҳолда бу илм даргоҳларини тўқ қизил тоифадан сариқ ва яшил мактаблар тоифасига кўтариш белгиланди.
Устозлар миллий форуми доирасида Миллий рейтинг натижалари бўйича юқори ўринда турган мактаблар ўқувчилари, фидойи ва фаол устозлар тақдирланди.
Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг