Самарқандда UNWTO Бош ассамблеясининг 25-сессиясини ўтказишга доир қарор қабул қилинди

23:02 12 Март 2023 Маданият
1690 0

Фото: Иллюстратив сурат

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Самарқандда БМТ Бутунжаҳон Туризм Ташкилоти (UNWTO) Бош ассамблеясининг 25-сессиясини юқори даражада ўтказишга доир қарор қабул қилинди. Ҳужжатга кўра, UNWTO Бош ассамблеясининг юбилей 25-сессияси 2023 йил 16–20 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилади.

«2023 йилда Самарқанд шаҳрида Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош ассамблеясининг 25-сессиясини юқори даражада ташкил этиш ва Шаҳрисабз шаҳрининг «2024 йил Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти туризм пойтахти» мақомини олишига доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорда тадбирни юқори даражада ўтказиш учун керакли чора-тадбирлар кўрсатилган.

Хусусан, Бош ассамблея доирасидаги тадбирларда қатнашадиган чет эллик меҳмонлар учун Самарқанд ҳақидаги умумий маълумотларга эга махсус қўлланма ишлаб чиқиш режалаштирилган.

Қолаверса, қарорда «Silk Road Samarkand» халқаро сайёҳлик маркази ва маданий мерос объектлари, туризм, экотуризм инфратузилмаси ҳамда халқимизнинг ҳаётини акс эттирувчи фото ва видеоматериаллар, «Самарқанд — Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси» ва бошқа мавзулардаги тарғибот материалларини тайёрлаш ҳамда кенг тарқатиш кўзда тутилган.

Сессияда юртимизнинг қадимий шаҳарларидан бири – Шаҳрисабз шаҳри «2024 йил Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти туризм пойтахти» мақоми учун номзод сифатида тақдим этилади.

Маълумот учун, Ўзбекистон 2021 йилда Испаниянинг Мадрид шаҳрида бўлиб ўтган UNWTO Бош ассамблеясининг 24-сессиясида ташкилотнинг юбилей 25-юбилей сессиясига мезбонлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер