Самарқандда «Темир дафтар»даги 2 мингта оила хонадонига қуёш панеллари ўрнатилади
Фото: Халқ сўзи
Юртимизда қишнинг изғиринли кунларида электр энергия таъминотида жиддий муаммолар кузатилди. Ушбу ҳолатнинг самарали ечимлардан бири, шубҳасиз, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш экани яна бир карра исботини топди. Бинобарин, давлатимиз раҳбари топшириғига кўра, ўтган йилдан бошлаб барча давлат муассасаларини яшил энергияга босқичма-босқич ўтказиш ишлари бошланган эди.
Самарқанд вилоятида жорий йил давомида 6 минг 150 та кичик қуёш фотоэлектр станциясини ўрнатиш режалаштирилган. Ҳозирги кунда ҳокимликларнинг маъмурий ва ёрдамчи биноларига 31 та фотоэлектр станцияси ўрнатиш якунига етаётир.
Шунингдек, вилоят, шаҳар ва туман ташкилотларининг 176 нафар раҳбарларидан юз нафарга яқини бугунги кунга қадар ўз ташаббуслари билан хонадонларига қуёш батареяларини ўрнатишган. Айни чоғда бу жараён янада жадаллашаётгани эътиборга молик.

Бундан ташқари 2023 йилда вилоятдаги «Темир дафтар»га киритилган 2 мингта оила хонадони вилоят бюджети маблағлари ҳисобидан қайта тикланувчи энергия манбалари билан таъминланади. Битта хонадонга 1 кВтгача бўлган қуёш панеллари ёки 100 литргача бўлган сув иситгич ўрнатилади.
Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг асосий йўналишларидан бири - бу уларнинг фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари томонидан сотиб олинишини моддий рағбатлантиришдир. Ўтган йилнинг 1 октябридан бошлаб фуқаролар қайта тикланадиган энергия қурилмаларини 3 йил ичида бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан фоизсиз сотиб олишлари учун шароит яратилгани қувонарли, албатта.
Бу имтиёз қайта тикланувчи манбалардан кенг фойдаланишни қўллаб-қувватлаш мақсадида республикамизда ишлаб чиқарилган қуёш ва шамол электр станцияси ҳамда қуёш сув иситиш қурилмаларига жорий этилган. Агар харидор қурилманинг тўлиқ нархини қисқа муддатларда тўласа, у ҳолда компенсация олиш ҳуқуқига ҳам эга бўлади.
Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг