Самарқандда «Шарқ таомлари» гастрономик фестивали бўлиб ўтмоқда

11:24 24 Март 2026 Жамият
225 0

Самарқанд шаҳрининг Алишер Навоий кўчасида «Taste of Samarqand» деб номланган «Шарқ таомлари» халқаро фестивали қизғин ва кўтаринки руҳда ўтаяпти.

23-24 март куни халқаро ва маҳаллий ошпазлар иштирокида ташкил этилган ушбу тадбирда меҳмонларга ўзбек ва дунё ошхонасининг энг сара намуналари тақдим этилмоқда. Турли давлатлардан келган моҳир ошпазлар ўз маҳоратини намойиш этиб, таом тайёрлаш жараёнини жонли тарзда кўрсатиб беришмоқда.

Фестиваль давомида меҳмонлар нафақат таомлардан баҳраманд бўлишмоқда, балки уларнинг тайёрланиш сир-асрорлари билан ҳам яқиндан танишяпти. Ҳар бир бурчакда турли хил миллий ва халқаро таомларнинг хушбўй ҳидлари барчани ўзига жалб қилмоқда.

Энг эътиборга молик жараёнлардан бири — 30 метрли улкан шашлик тайёрлангани бўлди. Бу эса ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Фестивалда ўндан ортиқ давлатдан келган дунёга машҳур ошпазлар ўзларининг миллий таомларини тайёрлаш баробарида маҳорат дарслари ҳам ташкил этишмоқда.

Фестивалнинг биринчи кунида хорижлик моҳир ошпазлар иштирок этишган бўлса, иккинчи кунида маҳаллий ошпазлар ўз маҳоратларини намойиш этишади.

Икки кунлик мазкур фестиваль доирасида шунингдек, ҳунармандчилик маҳсулотлари ва шарқ ширинликлари кўргазмалари ҳам ташкил этилган.

Хуллас, тадбир унинг барча иштирокчиларига миллий анъаналар, мазали таомлар ва унутилмас таассуротлар улашмоқда. Мусиқа, қувноқ кайфият ва самимий муҳит фестивалга ўзгача руҳ бағишлаяпти.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер