Самарқандда қарийб 5 минг тонна уруғлик чигит тайёрланмоқда
Тажрибали, миришкор деҳқонларнинг кўп йиллик тажрибасидан маълумки, сифатли уруғдан мўл ҳосил етиштирилади. Шу боис ҳам Самарқанддаги пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан 2021 йил ҳосили учун уруғлик пахтани тозалаш-саралаш,туксизлантириш ва дорилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Пахтанинг «Султон», «Бухоро-l02», «Омад», «С-8286» сингари иқлим шароитига мос эртапишар ва ҳосилдор навлари экилиши режалаштирилган.
2021 йил ҳосили учун белгиланган режага кўра, «Мароқанд сифат» МЧЖ томонидан 1 минг 690 тонна, «Паяриқ кластер» МЧЖ томонидан 955 тонна ҳамда «Пахтачи кластер» МЧЖ томонидан 805 тонна, жами 4 минг 994 тонна сара уруғлик чигит жамғариш юзасидан белгиланган агротехник тадбирлар ўз вақтида ва сифатли амалга оширилмоқда.
Жумладан, вилоятнинг Пастдарғом туманида 2021 йил ҳосили учун 16 минг 949 гектар ер майдонига чигит экилиши режалаштирилган бўлиб, 1 минг 113 тонна уруғлик чигит «Самарқанд Камалак инвест текстиль» МЧЖ қошидаги Мели Қўчқоров номли уруғлик чигитни дорилаш ва саралаш цехида тайёрланмоқда. Уруғлик чигитнинг унувчанлиги, сифати корхона лабораториясида муттасил синовдан ўтказиб бориляпти.
Ҳозирга қадар вилоятда 4 минг 630 тоннадан ортиқ сара уруғ тайёрланди.
Абдулазиз Йўлдошев
(Халқ сўзи)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг