Самарқандда ўтган йили содир этилган жиноятларнинг 36,3 фоизи — кибержиноятлар

11:51 25 Февраль 2025 Жамият
283 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Самарқанд вилоятида ўтган йили 9402 та жиноят содир этилган, шундан 36,3 фоизи ёки 3416 таси ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятлар ҳисобланади.

Бу ҳақда вилоят ички ишлар бошқармасининг 2024 йилдаги фаолияти сарҳисоби ҳамда келгуси режаларига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида бошқарма бошлиғи, полковник Раҳмат Маматов маълум қилди.

Таққослайдиган бўлсак, бошқармага кибержиноятлар юзасидан 2021 йилда 980 та мурожаат келиб тушган, 2024 йилда ушбу мазмундаги мурожаатлар сони 4750 тадан ошган. Уларнинг асосий қисми, яъни 40 фоизи Самарқанд шаҳри, 30 фоизи Каттақўрғон шаҳри, Самарқанд, Ургут ва Пастдарғом туманлари ҳиссасига тўғри келади.

— Мурожаатчиларнинг 50 фоизини 17-35 ёшдаги, 30 фоизини 35-45 ёшдаги, 20 фоизини эса 45 ёшдан юқори шахслар ташкил этган, — дейди Раҳмат Маматов. — Таҳлиллар жиноятларнинг 60 фоизи вирусли ва сохта иловалар, 20 фоизи телефон қўнғироқлари орқали, 5 фоизи мерос юборишини айтиб, 15 фоизи эса сохта биржаларга инвестиция киритиш орқали содир этилганлигини кўрсатмоқда. Бунда фуқароларнинг банк карталаридан ечиб олинган пуллар асосан Россия, Украина, Қозоғистон, БАА, Туркия ҳамда Африка давлатлари орқали аввал АҚШ долларига, кейин эса биткоинга айлантириб олинаётгани маълум бўлган. Биз бу жараёнларни тўлиқ ўрганиб, тегишли вазирликларга унинг олдини олиш, аҳоли, хусусан, банк мижозларини кибержиноятлардан ҳимоя қилиш бўйича таклифлар берганмиз. Жойларда тизимли равишда тарғибот-ташвиқот ишлари ҳам олиб борилмоқда.

Вилоятдаги умумий жиноятлар сони ҳар 100 минг аҳолига нисбатан 223,4 тани ташкил этиши маълум қилинди. Эътиборлиси, соҳа мутахассисларининг саъй-ҳаракати билан мазкур жиноятларнинг 93,8 фоизи фош этилиб, қидирувдагиларнинг 769 таси ёки 41,1 фоизи ушланган.

Тадбирда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Маълумотга кўра, айни дамда вилоятдаги 1126 та маҳалланинг 156 таси «қизил», 600 таси «сариқ» тоифага киритилган. Жиноят турларидан маст ҳолдаги жиноят, ишсизлар ҳамда муқаддам судланганлар жинояти камайган. Бироқ оилавий низолар билан боғлиқ жиноятлар ҳақида бундай деб бўлмайди. Унда аксар жиноятларнинг келиб чиқиши ижтимоий муаммоларга боғлиқлиги, бартараф этишда «маҳалла еттилиги» ва жамоатчилик кўмаги зарурлиги айтиб ўтилди.

Матбуот анжуманида бошқарма бошлиғи ва соҳавий масъуллар томонидан оммавий ахборот воситалари вакилларини қизиқтирган саволларга жавоб берилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер