Самарқандда оромгоҳлар аутсорсинг тизими асосида ишлайди

14:54 05 Июнь 2023 Жамият
783 0

Фото: “Халқ сўзи”

Самарқанд вилоятидаги оромгоҳларга жорий мавсумда 10 мингга яқин болалар қамраб олиниши мўлжалланган бўлиб, 16 та оромгоҳ болаларга ёз мавсумини кўнгилли ўтказишга хизмат қилади.

Оромгоҳларнинг 12 таси давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 19 ноябрдаги “Болаларнинг дам олишларини тизимли ташкил этиш ва соғломлаштириш ишларини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Самарқанд вилояти Кенгаши тасарруфига ўтказилган.

—Янгиликлардан бири болалар оромгоҳларида бу йил аутсорсинг йўлга қўйилади, — дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Самарқанд вилояти Кенгаши раиси Суҳроб Рафиқов. —Вилоятда уч нафар тадбиркор тендерда ғолиб бўлди ва улар махсус таомнома асосида дам олувчиларга мазали ва витаминга бой таомлар тайёрлаб беришади.

Қувонарлиси, эндиликда вилоятдаги оромгоҳлар доимий фаолият олиб боради. Аввалгидек мавсумий ишлаб, кейин қаровсиз қолдирилмайди. Болалар оромгоҳлари бирин-кетин қайтадан капитал таъмирланади ва қиш мавсумида ҳам ишлашга мослаштирилади. Шу мақсадда ҳар бир оромгоҳ сиғимига қараб 500-600 миллион сўмлик жиҳозлар билан таъминланди.

—Вилоятдаги 16 та оромгоҳ ва 66 та соғломлаштириш майдончаларида 22 минг 650 нафар бола қамраб олинадиган бўлса, бу 7 ёшдан 15 ёшгача бўлган болаларнинг атиги 3 фоизини ташкил қилади, — дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг таълим муассасаларида тарбиявий ишларни мувофиқлаштириш шубаси раҳбари Акмал Олимов. — Оромгоҳлар сони кўпайтирилса, келажакда бу кўрсаткичлар ҳам салмоқли бўлади. Бу йил оромгоҳларда тарбиячи, етакчи, кутубхоначи каби 342 нафар педагог хизмат қилади. Ўн кунлик мавсум учун режа ишлаб чиқилган бўлиб, педагоглар болаларга миллий халқ ўйинлари, эртаклар, ҳарбий ватанпарварлик, йўл ҳаракати қоидалари, китобхонлик сингари ҳар хил машғулотлар ўтади.

Бундан ташқари, оромгоҳларда вилоятдаги мавжуд театрлар ўз саҳна кўринишлари билан болажонларнинг мароқли дам олишига ҳисса қўшса, спорт устозлар ранг-баранг мусобақалар ташкил этади.

Оромгоҳларга тиббиёт ходимлари, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ходимлари бириктирилади.

Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Самарқанд вилояти Кенгаши биносида 24 соатлик навбатчилик ташкил қилинган бўлиб, оромгоҳлардаги муаммолар тезкорлик билан ҳал этиб борилади.

                                                                          Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ,

                                                                              (“Халқ сўзи”).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер