Самарқандда халқаро туризм форуми бўлиб ўтди

14:22 13 Февраль 2023 Жамият
621 0

Фото: Халқ сўзи

Самарқанд шаҳрида Маданият ва туризм вазирлиги кўмагида 10-11 февраль кунлари “International Travel Bazaar - 2023» туризм форуми бўлиб ўтди.

Бу халқаро платформа АҚШ, Исроил, Германия, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва бошқа давлатлар ҳамда юртимизнинг сайёҳлик соҳаси вакиллари, туроператор ва гид-таржимонлар, реставраторлар, меҳмонхона эгалари, шунингдек, туризм йўналишида фаолият кўрсатувчи хусусий ҳамда давлат сектори вакилларини бирлаштирди.

Иккинчи марта ўтказилган форумда асосий эътибор туризм соҳасида халқаро ривожланиш, ҳамкорлик ва янги ечимларни излашга қаратилди.

Қайд этилганидек, бугун юртимизнинг туристик имкониятларидан самарали фойдаланиш ва бу борадаги салоҳиятимизни янада оширишга алоҳида эътибор қаратилаётган бир пайтда бу каби халқаро форумларнинг аҳамияти ниҳоятда катта.

Мамлакатимизда кейинги йилларда хорижлик сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида 91 давлат фуқаролари учун визасиз кириш тартиби йўлга қўйилди. Сайёҳлик соҳасида фаолият кўрсатаётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун юзга яқин солиқ ва божхона имтиёзлари тақдим этилди, харажатлар ва кредитларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия ҳамда грантлар ажратилмоқда. Натижада соҳада тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган ташаббускорлар кўпайди. Хусусан, туроператорлар 749 тадан 1700 тага, жойлаштириш воситалари эса 751 тадан 1143 тага етди.

2022 йилда туризм соҳасида умумий қиймати 22,1 триллион сўмлик 735 та лойиҳа ишга туширилди. Тадбиркорликни ривожлантириш, инвестиция жалб қилиш ҳамда рақобатбардош хизматларни йўлга қўйишга берилган эътибор натижасида туризм бозорига Hilton, Marriott, Hyatt, Wyndham, InterContinental Hotels Group, Movenpick, Swissôtel ва Accor каби етакчи меҳмонхона брендлари кириб келди. Улар нафақат Тошкент шаҳри, балки Бухоро, Самарқанд, Жиззах ва Хоразм ҳудудларида ўз фаолиятларини ташкил қилмоқда. Бугунги кунда юртимизда туристларнинг ўртача қолиш кунлари 4-5 кунни ташкил этиб, 2021 йилга нисбатан 1,5 бараварга ортди. Юртимизга келган хорижий туристлар 2017 йилда 2,7 миллион нафарни ташкил этган бўлса, ўтган йили бу рақам 5,1 миллиондан ошди.

Икки кунлик форум давомида турли мамлакатлардан келган 40 нафар сайёҳлик саноати инсайдерлари ўз ғоялари билан ўртоқлашдилар. Ялпи мажлис, маҳорат машғулотлари, В2В учрашувлар ва инновацион туризм маҳсулотлари тақдимоти ҳам ўтказилди.

Шунингдек, сайёҳлик объектларига саёҳат, танишувлар давомида иштирокчилар гид таржимонлар фаолиятининг ўзига хос томонлари, брендлар ва ҳудудларни экспедицион форматда тарғиб қилиш, туризмда таълим ва бошқа мавзулар юзасидан ўзаро фикр алмашишди.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер