Самарқандда имзо тўплаш жараёни бошланди

12:26 08 Август 2024 Жамият
335 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар сайлови учун бошланган сайлов компанияси қизғин давом этмоқда. Шу кунларда сайловда иштирок этишга рухсат берилган сиёсий партиялар томонидан бу жараёнда уларни қўллаб-қувватловчи тарафдорларнинг имзолари йиғилмоқда.

ЎзЛиДеП Самарқанд вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари ҳам бу борада фаоллик билан иш олиб бормоқда. Имзо йиғиш жараёнида фидойи ва ташаббускор партия аъзолари кучига таянилмоқда.

Ушбу муҳим жараёнга аҳолининг барча қатламлари вакиллари ўз ихтиёри билан кўтаринки кайфиятда, энг муҳими, зиммасидаги бурч ва масъулиятни чуқур англаган ҳолда ўз хайрихоҳликларини билдирмоқда.

ЎзЛиДеП Самарқанд вилоят Кенгаши томонидан Самарқанд шаҳридаги «Макон Малл» кўнгил очар савдо марказида имзо тўплаш жараёнлари ташкил этилди. Дастлаб сайловчиларга ЎзЛиДеП ғоялари ҳамда бўлажак сиёсий жараёнининг мазмун-моҳияти хусусида тушунчалар берилди.

Сиёсий партия сайловда номзод кўрсатиш ваколатига эга бўлиши учун амалдаги қонунчилигимизга мувофиқ белгиланган миқдорда сайловчиларнинг имзосини тўплаши керак. Айни жараён сайлов компаниясининг илк босқичлардан бири эканлиги алоҳида таъкидланиб, уни белгиланган вақтда, бехато бажариш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Масаланинг моҳиятини яхши англаган фуқаролар имзо тўплаш жараёнига алоҳида масъулият билан ёндашиб, ўз фуқаролик позициясини намоён этди. Сайловчилар партиянинг ўтган йилларда тадбиркорликни ривожлантириш, ёшлар ва аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қонунчиликни такомиллаштириш ҳамда сайловчилар билан очиқ мулоқотда кўтарилган муаммоларни ҳал этиш йўналишидаги амалий ишларини эътироф этмоқда.

— ЎзЛиДеПнинг сайловда қатнашиши тадбиркорлар учун катта имконият. Чунки партия ўтган йиллар давомида ишбилармонларнинг қалқонига айланган. Хусусан, солиқ ва божхона божларини камайтиришда партиянинг хизматлари беқиёс, — дейди «Макон Малл» савдо маркази иш бошқарувчиси Шерзод Тошкенбоев. — Шу боис партиянинг бўлажак сайловларда қатнашиши учун имзо бердим. Ишончим комилки, партия тадбиркорликни миллий ҳаракатга айлантиради.

Жойлардаги бошланғич партия ташкилотлари раислари, маҳаллий кенгашлар депутатлари, партиянинг «Аёллар қаноти» ва «Ёшлар қаноти» атрофида бирлашган фаол аъзоларининг ҳамжиҳатликда олиб бораётган саъй-ҳаракатлари туфайли вилоятда имзо йиғиш жараёни янада жадаллашмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер