Самарқандда фуқарони 20 минг доллар эвазига Қозоғистондаги ОТМга ўқишга киритиб қўйишини айтган шахс ушланди
Фото: Прокуратура департаменти
Икки вилоятда ўқишга киритиб қўйиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Самарқанд вилояти бошқармаси ва Тойлоқ тумани бўлими ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда аниқланишича, О.Б. исмли шахс фуқаро Г.С.нинг ишончига кириб, уни 20 000 АҚШ доллари эвазига қўшни Қозоғистондаги университетга 3 босқичдан ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилгани аниқланган.
У кейинчалик Г.С.нинг ўқишини Тошкент давлат юридик университетига кўчириб беришини айтиб, олдиндан 10 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан бирга ушланган.
Шу каби, Департаментнинг Балиқчи тумани бўлими ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Р.З. фуқаро М.Т.ни гўёки Андижон давлат тиббиёт институтида ишловчи танишлари орқали ушбу институтга ўқишга киритиб қўйиши эвазига 15 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг