Самарқандда электробуслар ҳаракати кенгаймоқда

15:23 20 Ноябрь 2024 Жамият
219 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». Европа тикланиш ва тараққиёт банки иштирокидаги “Самарқанд шаҳар жамоат транспорти учун электробуслар харид қилиш ва улар билан бевосита боғлиқ инфратузилмани яратиш” лойиҳаси доирасида ўтган йили 6 та электробус олиб келинди. Шу кунгача мазкур йўналишда 6 та электробус ишлаган бўлса, энди ҳаракат таркиби яна 2 тага оширилиб 8 та электробус аҳоли хизматига чиқарилди.

М2-сонли “Ҳазора АББ-Гулобод қўрғони” шаҳар автобус йўналишида транспорт воситаларининг ҳаракати тўхтаб қолиши аҳолининг кескин эътирозларига сабаб бўлганди. Аҳолининг жамоат транспортига эҳтиёжини қондириш мақсадида М2-сонли шаҳар автобус йўналишида электробуслар ҳаракати йўналиш чизмасига ўзгартириш киритилган ҳолда қайта тикланди.

Бундан ташқари, М5-сонли “Темирйўл АББ — Темирйўл АББ” шаҳар ҳалқа йўналиши қайта тикланди. Бу йўналишда ҳам “YUTONG” русумли 10 та автобус ҳаракатланади. Электробусларда электрон тўлов тизими мавжуд.

Шаҳарда йил охиригача электробуслар сонини 100 тага етказиш кўзда тутилган. Янги транспорт воситаларини сақлаш ва уларга хизмат кўрсатишда қулайлик яратиш мақсадида шаҳарда дастлабки электробус автопарки ташкил қилинмоқда.

100 та электробусга мўлжалланган замонавий автопарк майдони 3 гектардан зиёд бўлиб, унда машиналарни кунлик техник назоратдан ўтказиш шохобчаси, диспетчерлар ва механиклар учун махсус жойлар ажратилган. Автобусларни сақлаш майдони енгил каркасли айвон билан ёпилмоқда. Шу билан бирга, 15 та қувватлаш ускуналари ҳам ўрнатилмоқда. Автопаркда сув, электр энергияси таъминоти замонавий талаблар асосида йўлга қўйилади. Яратилаётган бу қулайлик шаҳарда юқори экологик самарали бўлган йўловчи ташиш тизимини замон талабларига мувофиқ ташкил этиш имкониятини беради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер