Самарқандда дунё ҳисоб илми вакилларини жамлаган анжуман бўлиб ўтди
Фото: Халқ сўзи
Самарқанд давлат университетида «Математик анализ ва унинг замонавий математик физикага татбиқлари» номли халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Самарқанд давлат университети Математика, физика ва функционал анализ кафедраси мудири, академик, «Дўстлик» ордени соҳиби Саидаҳмад Лақаев таваллудининг 70 йиллигига бағишлаб ўтказилган мазкур анжуманда Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ва Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродовлар сўзга чиқиб, иштирокчиларни дунё математик олимлари нигоҳини бир нуқтага жам этган ушбу халқаро анжуман муносабати билан самимий қутлади.

Тадбирда шунингдек, АҚШ, Канада, Россия каби дунёнинг 10 дан ортиқ давлатлари олим ва профессорлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси академиги, Ўзбекистон Қаҳрамони Шавкат Аюпов, физика-математика фанлари доктори, академик Шавкат Алимов, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси В.И. Романовский номидаги Математика институти профессори Равшан Ашуровлар иштирок этди.
Самарқанд давлат университети босиб ўтган узоқ тарихий давр мобайнида илм-фан соҳасига кўплаб етук олимларни етиштириб берган даргоҳ. Академик Саидаҳмад Лақаев ана шундай олимлардан бири. Анжуманда сўзга чиққанлар Саидаҳмад Лақаевнинг математика фани ривожига қўшган ҳиссаси, олим асос солган математик анализ илмий мактаби, унинг бугунги давомчилари ва олиб борилаётган илмий тадқиқотлар бўйича ўз фикрларини билдирдилар.
— Математика илми ҳақида гапирар эканмиз, бу фаннинг буюк аждодимиз Муҳаммад Хоразмий номи билан бевосита боғлиқлиги бизда ҳамиша фахр уйғотади, — дейди Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродов. — Шу ўринда ҳисоб илмининг кўзга кўринган вакиллари сафида юртимиз олимларининг бўлиши, улуғ аждодимиз бошлаб берган шонли йўлнинг давом этишидир. Саидаҳмад Лақаев ана шундай олимлардан бири, умри математикага бахшида фидойи олим. Университетимиз Саидаҳмад Лақаев мисолида математика илмига яна бир етук олим етказиб берди дейиш мумкин.
Дарҳақиқат, Саидаҳмад Лақаев Ўзбекистондаги 7 нафар математик академикларнинг бири. Жаҳон математик таҳлил илмининг устунларидан бири бўлган олим ўтган давр мобайнида 5 нафар фан доктори, 13 нафар фан номзодини тайёрлаб, ўз илмий мактабини яратган.

— Математика тафаккур фани, ушбу соҳада олинган ҳар бир натижа фақат Ўзбекистон учун эмас, балки бутун дунё учун аҳамиятли бўлиши лозим, — дейди академик Азимбой Саъдуллаев. — Шундагина дунё илм-фани билан алоқалар йўлга қўйилади, хорижлик математиклар диққати қозонилади. Самарқанд давлат университети йирик илмий марказ, етакчи университет сифатида нафақат Ўзбекистонга, балки бутун дунёга етук кадрлар, илм-фан намояндаларини етказиб берган даргоҳ ҳисобланади. Ана шундай дарғалардан бири Саидаҳмад Лақаев математика сир-асрорларини ўрганиб, математик анализ ва унинг замонавий математик физикага татбиқи илмий мактабига асос солган олим. Ушбу илмий мактабнинг бугунги давомчилари академик бошлаб берган жаҳон илми билан алоқаларни сақлашга доим ҳаракат қилишади.
Шундан сўнг конференция иштирокчилари дифференциал тенгламалар ва математик физика, математик анализ, сон таҳлили ва механика, эҳтимоллар назарияси ва математик статистика, алгебра ва геометрия, математик моделлаштириш ва ахборот технологиялар сингари олти шўбага бўлинган ҳолда ўз фаолиятини давом эттирди.
Анжуман давомида соҳада етук кадрлар тайёрлаш масаласи ҳам қатнашчилар диққат марказида бўлди.
Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи»

Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг