Самарқандда «AGROPRO EXPO 2026» халқаро кўргазмаси бошланди

11:49 04 Март 2026 Жамият
328 0

Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида жойлашган «SOF EXPO Samarkand» мажмуасида «Замонавий қишлоқ хўжалигида инновацион технологиялар — «AGROPRO EXPO 2026» халқаро кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.

Мазкур нуфузли тадбир қишлоқ хўжалиги соҳасидаги илғор ечимлар, замонавий техника ва технологияларни намойиш этиш, ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.

Кўргазманинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, тармоқни модернизация қилиш, ресурс тежамкор технологияларни жорий этиш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш борасида эришилаётган натижаларга тўхталдилар. Шунингдек, бундай кўргазмалар соҳада инновацион ёндашувларни оммалаштириш, фермер ва кластерлар фаолияти самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Тадбир доирасида самарали фаолият юритиб келаётган бир гуруҳ фермерлар ва аграр соҳа ходимлари турли номинациялар бўйича тақдирланди.

«AGROPRO EXPO 2026» кўргазмаси давомида қишлоқ хўжалиги техникаси, уруғчилик, томчилатиб суғориш тизимлари, агрокимё маҳсулотлари ҳамда рақамли ечимлар йўналишида қатор маҳаллий ва хорижий компаниялар ўз маҳсулот ва хизматларини тақдим этмоқда.

Соҳа мутахассислари, фермер хўжаликлари раҳбарлари, инвесторлар ва тадбиркорлар иштирок этаётган мазкур кўргазма 5 март кунига қадар давом этади.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер