Самарқандда 2 728 нафар ишсиз алимент тўловчининг бандлиги таъминланди
Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси органлари томонидан ўтган 2025 йилда алимент олувчилар манфаатларини таъминлаш мақсадида 2,2 миллиард сўм нақд пул маблағлари олдиндан тўлов сифатида ундирилиши таъминланди. Шунингдек, 135 нафар ундирувчига Алимент тўловлари жамғармаси ҳисобидан 1 миллиард 446 миллион сўмга яқин маблағ тўлаб берилди.
Маҳалла “еттиликлари” билан ҳамкорликда олиб борилган профилактик суҳбатлар ва кўрилган чора-тадбирлар натижасида 6798 та оила яраштирилиб, оилалар тикланишига эришилди.
Бундан ташқари, мутасадди идоралар билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирлар доирасида 2728 нафар ишсиз алимент тўловчи ишга жойлаштирилиб, уларнинг доимий бандлиги таъминланди.
Шу билан бирга, қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлигини таъминлаш мақсадида алимент тўлашдан қасддан бўйин товлаб келган 995 нафар шахс Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 474-моддасига асосан маъмурий жавобгарликка тортилди. Шунингдек, 137 нафар шахс Жиноят кодексининг 122-моддасига мувофиқ жиноий жавобгарликка тортилди.
Амалга оширилган мазкур чора-тадбирлар алимент ундириш тизими самарадорлигини ошириш, оилалар барқарорлигини таъминлаш ва фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг