Самарқандда 16 ёшли йигит дарахт тагида қолиб вафот этди
Иллюстратив фото
Самарқанд вилояти Пайариқ туманида 16 ёшли бола дарахт босиб қолиши оқибатида вафот этди. Бу ҳақда «Халқ сўзи»га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Билдирилишича, жорий йилнинг 30 март куни соат 11:00 ларда Пайариқ туман Ички ишлар бошқармасига «Илғор» МФЙда яшовчи 2008 йилда туғилган М.Б. ўз уйида дарахт йиқитиш жараёнида бахтсиз ҳодиса сабабли оғир тан жароҳати олиб, Челак шифохонасига олиб келингани тўғрисида хабар келиб тушган.
Маълум бўлишича, М.Б. яшаш хонадонида дарахт йиқитиш жараёнида кесилган шох тагида қолиб кетган. Оқибатда оғир тан жароҳати олган бола оила аъзолари томонидан зудлик билан Челак шифохонасининг жонлантириш бўлимига олиб келинган. Бироқ у шифокорлар томонидан кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан ўша ерда вафот этган.
М.Б.нинг мурдаси суд-тиббий текширув ўтказиш учун олиб кетилиши керак бўлган бир вақтда марҳумнинг яқин қариндошлари фаол қаршилик кўрсатишиб, мазкур ҳолат бўйича бирор бир кишига даъволари йўқлигини айтган. Шундан сўнг далолатнома ва тилхат орқали боланинг жонсиз танаси яқин қариндошларига бериб юборилган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат туман прокуратураси томонидан назоратга олинган бўлиб, ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг