Самарқанд вилояти прокуратурасида «Очиқ эшиклар куни»
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Самарқанд вилояти прокуратурасида оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда Самарқанд давлат университети талабалари учун «Очиқ эшиклар куни» ўтказилди.
Тадбирда аввалида ташкил этилган матбуот анжуманида вилоят прокуратураси органлари фаолияти ҳамда 2024 йилда амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Қайд этилганидек, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, аҳоли фаровонлигини яхшилашга қаратилган қонунлар ва Президент қарорлари ижросини таъминлаш борасида кўрилган чоралар, шунингдек, давлат органлари ҳуқуқий ҳужжатларининг доимий равишда ўрганилиши натижасида 20 мингга яқин прокурор назорат ҳужжатлари қўлланилиб, 15 минг 800 нафар фуқароларнинг ҳуқуқлари тикланган.
— Ўтказилган текширув ва жиноятларни тергов қилиш жараёнида 492 миллиард сўмлик зарарлар ундирилиб, қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 1186 та жиноят ишлари қўзғатилди, — дейди вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Муҳаррам Ҳамраева. — Суд ва бошқа органлар ҳужжатлари ижросини таъминлаш мақсадида ўтган йилда тегишли идоралар билан ҳамкорликда ишчи гуруҳи шакллантирилиб, улар томонидан амалга оширилган ишлар натижасида 524 065 та ижро ҳужжатлари амалда тамомланиб, 2 триллион 903 миллиард сўм ундирилиши таъминланди. Шунингдек, прокурорлар секторлари ҳудудида 1096 маротаба сайёр қабуллар ўтказилиб, уларда билдирилган 6 660 та мурожаатларнинг 5 182 таси қаноатлантирилди.
Тадбир давомида аттестациядан ижобий ўтган 3 нафар ёш мутахассисларнинг қасамёд қабул қилиш ва уларга даражали унвонларни топшириш жараёни барчага, айниқса, талабаларга манзур бўлди.

Шундан сўнг вилоят прокуратураси кичик мажлислар залида раҳбар ва ёшлар учрашуви ўтказилди. Талабалар прокурорларнинг иш тартиби, ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, тизимда тажриба ошириш, соҳага ишга кириш тартиби хусусида маълумотларга эга бўлишди. Учрашув талаба ёшларда бой таассуротлар қолдирди.
Иштирокчилар вилоят прокуратураси музейи, кутубхонаси, маънавият бурчаклари, махсус криминалистика автомашинаси, махсус тергов хонаси, ходимларнинг хизмат фаолияти, девонхона фаолияти, прокуратура органларида ташкил этилган штаблар фаолияти билан яқиндан танишди.
Тадбир давомида қонунчиликни тарғиб қилиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳамда прокуратура органлари фаолиятини кенг жамоатчиликка етказиш борасида самарали ҳамкорлик қилган бир қатор журналист ва блогерларга вилоят прокурорининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.
Бундан ташқари, Самарқанд давлат университетига қатағон йиллари ноҳақ судланган, ўлим жазосига маҳкум этилган прокуратура органлари ходимлари ҳаёт йўли ва хизмат фаолига бағишланган «Тарихий хотира беқиёс» китобининг 1 ва 2-жилдлар топширилди.
Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад журналист ва блогерлар билан яқин ҳамкорликни таъминлаш, шунингдек, вилоят прокуратураси ва Самарқанд давлат университети ўртасида юридик кадрларни тайёрлаш соҳасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми доирасида талабаларининг назарий билимлари амалиёт билан бевосита уйғунлигини таъминлашдан иборатдир.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг