Самарқанд нони машҳурлиги сири нимада?
Фото: Халқ сўзи
Самарқанд нон бозори юртимизнинг турли нуқталаридан ўтиб-қайтувчилар бирров тўхтаб ўтадиган машҳур манзиллардан. Нон бозорига яқинлашганимиздаёқ табаррук неъматнинг хушбўй ҳидидан дилимиз ёришиб кетади. Қип-қизил, усти ялтираб турган, бири биридан чиройли, седана сепилган нонларнинг қай бирини харид қилишни билмай шошиб қоламиз. Бу гал ҳам шундай бўлди.
— Опажон, бу нонлар ҳақиқий мўъжизанинг ўзику, — дейман сотувчига қарата.
— 6 минг сўмга битта нон олсангиз, уч киши тўяди, — дейди Самарқанд тумани «Қўштамғали» МФЙ да яшовчи нон сотувчи Дилбар Йўлдошева. — Шу ноннинг зуваласи 800 грамм, пишгандан сўнг 780 грамм чиқади. Ишонмасангиз, тарозида тортиб кўринг.
Ноннинг 2 тасини тарозига қўямиз ва Дилбар опанинг ҳақлигига иймон келтирамиз. Нонлар роппа-роса 1 килограмм 560 грамм чиқади. Самарқанд нони нисбатан арзон сотилаётгани сири ҳақида сўрайман.
— Нон – азиз неъмат, ундан фойда кўзлаб, нархини ошириб сотиш нонга хиёнат бўлади, — дейди Д. Йўлдошева. — Ўзим ўттиз йилдан буён шу ерда нон сотаман. Онамнинг оналари ҳам нон пишириб, элга ризқ улашишган. Момом раҳматли «Ноннинг нархини ошириш элга хиёнатдир», дер эдилар. Шу-шу, биз граммидан ҳам, нархидан ҳам урмаймиз. Шундан бўлса керак, рўзғоримиздан барака аримайди.
Дилбар Йўлдошеванинг айтишига кўра, бу ерда нон сотувчиларнинг ҳаммаси шу қоидага амал қилишади. Грамми ҳам, нархи ҳам барқарор. Ноннинг машҳурлиги сири ҳам аслида шунда. Аслида инсоф сари барака, дегани шу бўлса керакда!
Фахриддин Бозоров, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг