Саломатлик акциялари доирасида 275 минг нафар бемор соғломлаштирилди — ССВ
Фото: ССВ матбуот хизмати
Шу йилдан бошлаб Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва тиббиёт йўналишидаги олий таълим муассасалари етакчи шифокорлари бошчилигида жойларда саломатлик акцияларини ўтказиш йўлга қўйилди.
Натижада ҳудудларда аҳоли вакиллари чуқурлаштирилган текширувлардан ўтказилиб, сайёр тиббий қабуллар орқали уларнинг соғлиғи билан боғлиқ муаммоли масалаларини жойида ҳал этиш, юқори технологик операцияларга муҳтож фуқароларни давлат ҳисобидан даволаш механизми жорий қилинди.
Хусусан, шу йилнинг ўтган 9 ойида ушбу акция доирасида:
— кам таъминланган аҳоли вакилларидан 210 минг нафари амбулатор, 65 минг нафари стационар шароитда соғломлаштирилди;
— юқори технологияли операцияларга муҳтож 16,2 минг нафар бемордан 3,2 минг нафари ҳудудларнинг ўзида бажарилган муолажалар орқали саломатлигини тиклади.
Хонадонбай ўрганишлар натижасида аҳолининг давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизматга эҳтиёжмандлиги баланси шакллантирилди ва бу кўрсаткич ҳудудларга қараб 35-47 фоизни ташкил қилмоқда. Ушбу беморлар тоифаси вазирлик томонидан тизимли назоратга олинди.
Бундан ташқари:
— ҳудудларда ташкил этилган тиббий кўрикларда аниқланган юқори технологияли операцияларга муҳтож 13 минг нафар бемордан 6 минг нафари жорий йил якунигача, 7 минг нафари 2023 йилнинг биринчи чорагида соғломлаштирилади.
Ушбу беморларнинг 2 500 нафарига тос-сон бўғими эндопротези, 1 200 нафарига юрак коронар стентлари, 2 500 нафарига окклюдер (туғма юрак нуқсонлари учун) ва 780 нафарига юрак механик клапанлари (митрал ва аортал) ўрнатган ҳолда операциялар ўтказилиши режалаштирилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг