Салом қутлуғ мактаб, мўътабар даргоҳ
Одилбек Одамбоев/«Халқ сўзи». Бугун Хоразм вилоятидаги умумтаълим мактабларида жорий ўқув йилининг биринчи қўнғироғи жаранглади. 36 минг нафардан зиёд ўғил-қизлар мактаб остонасига илк қадам қўйиб, 1-синфга қабул қилинди. Вилоят ҳокими янги ўқув йили бошланиши муносабати билан Гурлан туманидаги 5-сонли умумтаълим мактабида ўтказилган тадбирда иштирок этди. 1-синф ўқувчиларига чиройли портфель ва ўқув қуроллари тўпламидан иборат «Президент совғаси»ни топширди. Ушбу мактаб жорий йилда 9 млрд 400 млн сўм маблағ эвазига мукаммал таъмирланди. Ўқувчиларнинг пухта билим олишлари учун барча шароитлар яратилди.

— Жорий йилда вилоятимизда янги ўқув йилига пухта тараддуд кўрилди, — дейди Хоразм вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ҳамро Бектемиров. — Давлат Инвестиция дастури доирасида 25 та мактабда жами, 203 млрд сўмлик янгидан қуриш, реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилиб, барча мактаблар белгиланган муддатда фойдаланишга топширилди. Қўшимча ўқув бинолари қурилиши туфайли 7328 нафар ўқувчи ўрни яратилди. 4 та янги спорт зали барпо этилди.

Бундан ташқари, «Ташаббусли бюджет» доирасида 56 та таълим муассасалари ғолиб бўлиб, шундан 37 тасида 66,5 млрд. сўмлик жорий таъмирлаш ишлари, 19 тасида жиҳозлаш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, Мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактабларининг моддий-техник базаси ва шароитларини янада яхшилашга Ислом тараққиёт банки ва OPEK халқаро тараққиёт жамғармасининг тегишли дастурлари орқали 60 млрд сўм маблағ йўналтирилди. Умуман, барча молиявий манбалар ҳисобидан бажарилган қурилиш ва таъмирлаш ишлари натижасида мактабларда ўқувчи ёшларга пухта билим бериш учун барча зарур шарт-шароитлар муҳайё қилинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг