Сайловга тайёргарлик қандай бормоқда?

14:38 25 Сентябр 2021 Жамият
459 0

Фото: "Халқ сўзи"

Сурхондарёда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 9-Сурхондарё округ сайлов комиссияси ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида тадбир ташкил этилди. 

Унда оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогерлар, давлат ва жамоат ташкилотлари ахборот хизмати вакилларига ушбу муҳим сиёсий жараёнга тайёргарликнинг бориши бўйича маълумотлар берилди.

Таъкидланганидек, округ сайлов комиссия фаолиятини белгиланган талаблар асосида ташкил этиш учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Вилоятда 860 та участка сайлов комиссияси ташкил этилган бўлиб, турли миллат ва касб эгаларидан иборат 10 минг 449 нафар аъзо фаолият юритмоқда. Сайлов участкаларида намунадаги баннер, стенд ва пешлавҳалар округ томонидан марказлашган ҳолда тайёрлаб берилиб, барча участкага етказиб берилган. Марказий кўчалар, маҳалла ҳамда гузарлар, жамоат жойларида сайловолди тарғибот-ташвиқот тадбирлари режа асосида ўтказиляпти.

Тадбир иштирокчилари, шунингдек, Термиз шаҳридаги 262 ҳамда 244- участка сайлов комиссиялари фаолияти билан яқиндан танишди. Бу ерда комиссия аъзолари ҳамда сайловчилар учун яратилган шароитлар кўздан кечирилди.

— Айни пайтда сайловолди тайёргарлик ишлари қизғин олиб борилмоқда, — дейди Термиз шаҳридаги 244-участка сайлов комисияси раиси Меҳринисо Маматқулова. — Шаҳардаги Шифокор, Юлдуз, Жайҳун ва Алпомиш маҳаллаларида яшовчи 1910 нафар фуқаро сайловчиларнинг ягона электрон базасига киритилди. Айни пайтда қайта хатловдан ўтказиш ишлари олиб борилмоқда. Ҳудуддаги беморлар, кекса ва ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳам аниқланиб, сайлов куни уларнинг ҳам овоз бериши таъминланади. Сайлов участкамиз шу йилнинг 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий тадбирга шай ҳолга келтирилган.

Тадбир давомида журналист ҳамда блогерлар, шунингдек, ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Илҳом РАҲМАТОВ, “Халқ сўзи”. 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер