Россиянинг йирик шаҳарларида Янги йил тадбирлари бекор қилинмоқда
Фото: РИА «Новости»
Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида анъанавий Янги йил ва Рождество тадбирлари бекор қилинади. Тежалган маблағлар кўнгиллилар мамлакатда эълон қилинган қисман сафарбарлик учун йўналтирилади. Бу ҳақда шаҳар маъмурияти сайтида хабар берилган.
«Губернатор Александр Бегловнинг шаҳар ҳокимияти аъзолари билан бўлиб ўтган йиғилишида Янги йил муносабати билан аввалдан режалаштирилган байрам тадбирларини бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Тежалган маблағлар Санкт-Петербург бюджетига йўналтирилади ва қисман сафарбарлик учун жалб қилинганларга қўшимча ускуналар ва жиҳозлар сотиб олиш учун сарфланади», дейилади хабарда.
Шундай қилиб, Сарой майдони ва Невский проспектидаги концерт, «Рождество юлдузи» олов фестивали, Тауридлар саройида хайрия зиёфати ўтказилмайди. Бироқ, болалар Янги йил дастурлари бўлиб ўтади.
Қайд этилишича, Санкт-Петербургда сафарбар қилинганлар 100 минг рубль, кўнгиллилар 300 минг рубль миқдорида бир марталик тўловлар олади.
Аввалроқ, Ленинград вилояти маъмурияти ҳудудда оммавий кўнгилочар тадбирлар, шу жумладан Янги йил корпоратив байрамлари бекор қилинишини билдирган эди.
Губернатор Александр Дрозденко тежалган «махсус ҳарбий амалиёт»да қатнашаётган ленинградликлар ва уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлаш учун йўналтирилишини айтиб ўтди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг