Россияда қаровсиз қолиб кетган 6 нафар ўзбекистонлик бола Ватанга қайтарилди

09:49 09 Февраль 2026 Жамият
346 0

Россия Федерациясининг турли ҳудудларида қаровсиз қолиб кетган 6 нафар ўзбекистонлик бола Ватанга қайтарилди. Бу ҳақида Болалар омбудсмани хабар берди.

Унда айтилишича, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Россия Федерацияси Болалар омбудсманига қаровсиз қолган вояга етмаган болаларни мамлакат ҳудудидаги болалар муассасаларида вақтинча жойлаштирилишида тезкор амалий ёрдам сўраб сўров юборган.

Мазкур сўровга жавобан, Россия Федерацияси Болалар омбудсмани томонидан зарурий кўмак чоралари кўрсатилиб, болалар учун барча қулай ва муносиб шарт-шароитлар таъминланган.

Кеча, 8 февраль куни 4 нафари — Москва шаҳридан, 2 нафари Москва вилоятидан, жами 6 нафар бола Ички ишлар вазирлиги масъуллари томонидан Ўзбекистонга қайтарилган. Айни пайтда олиб келинган болалар Тошкент шаҳар ИИББ ҳуқуқбузарлик профилактикаси бошқармаси Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига вақтинча жойлаштирилган. Ҳозирда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан болаларга яқинларининг васийлигини қонуний тартибда белгилаш чоралари кўрилмоқда.

«Болалар омбудсмани 2026 йил январь ойи давомида Россия Федерациясининг турли ҳудудларида қаровсиз қолган болаларни Ватанга қайтарилиши йўлидаги тезкор ҳамкорлиги учун ҳамкасбига ўз миннатдорлигини билдиради ва ўзаро конструктив мулоқотни давом эттиради», — дейилади хабарда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер