Россияда портлаш юз берди. Қурбонлар ва жароҳатланганлар бор
Фото: Россия тергов қўмитаси
Россиянинг Хакасия Республикасида жойлашган собиқ Абакан тажриба-механика заводи ҳудудида портлаш юз берди. Бу маълумотни республика раҳбари Валентин Коновалов ҳам тасдиқлади.
«Бугун собиқ Абакан тажриба-механика заводи ҳудудида фожиа юз берди. Хавфсизлик қоидаларини бузиш оқибатида содир бўлган портлаш оқибатида одамлар жароҳатланди ва ҳалок бўлди», — деди Коновалов.
Унинг сўзларига кўра, қутқарувчилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳодиса сабабларини аниқламоқда. Бундан ташқари, фавқулодда ҳодиса жойида Хакасия раҳбари ўринбосари Юрий Курлаев ишламоқда.
Коновалов жабрланганларнинг тез орада соғайиб кетишини тилади, қурбонларнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдирди. Шунингдек, у Хакасия маъмурияти ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганларнинг қариндошлари ва яқинларига барча зарур ёрдамни кўрсатишига ишонтирди.
Портлаш оқибатида икки киши ҳалок бўлган, тўрт киши тан жароҳати олган
Ҳодиса оқибатида олти киши жабрланган, улардан икки нафари ҳаёт учун хавфли бўлмаган тан жароҳатлари олган. Тўрт нафар жабрланувчи касалхонага ётқизилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, портлаш пайвандлаш ишлари пайтида юз берган бўлиши мумкин. Ҳудудда бир қанча корхоналар жойлашган.
Хакасия раҳбари ўринбосари Юрий Курлаев фавқулодда ҳодиса жойидан видеомурожаат қилиб, тажриба-механик заводининг собиқ цехларида содир бўлган ҳодисанинг сабаби, дастлабки тахминларга кўра, контейнер портлаши бўлиши мумкинлигини айтди. У воқеа жойига республика раҳбари топшириғи билан борганини айтди.
«Босим синови пайтида контейнер портлади. Икки киши ҳалок бўлди. Тўрт киши жароҳат олган ва улар касалхонада оғир аҳволда. Ҳозирда бу кимнинг устахонаси ва кимга тегишли эканлигини аниқлаш учун тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Умуман олганда, вазият назорат остида», — деди Курлаев фавқулодда вазият жойидан.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг