Россия ва АҚШ вакиллари яна учрашди. Бу сафар нималар муҳокама марказида бўлди?
Иллюстратив фото
Россия ва АҚШ вакиллари Туркияда учрашув ўтказди. Музокаралар пайшанба куни Истанбулдаги АҚШ бош консули қароргоҳида бўлиб ўтди. Қарийб олти ярим соат давом этган мулоқотда Россия делегациясига Ташқи ишлар вазирлиги Шимолий Атлантика департаменти директори Александр Дарчиев, АҚШ делегациясига эса Давлат котиби ёрдамчиси ўринбосари Соната Коултер раҳбарлик қилган.
Россия ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, учрашувда Россия ва АҚШ делегациялари элчихоналар фаолиятини молиялаштириш чоралари бўйича келишиб олган ва тўғридан-тўғри ҳаво қатновини тиклаш имкониятларини муҳокама қилган.
«Россия ва АҚШ дипломатик ваколатхоналари фаолиятини ўзаро асосда тўсқинликсиз молиялаштириш ва дипломатларнинг ўз хизмат вазифаларини бажариши учун тегишли шарт-шароитлар яратиш бўйича қўшма қадамлар келишиб олинди», — дейилади хабарда.
Бундан ташқари, Вашингтондан давлатлар ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво қатновини тиклаш истиқболларини кўриб чиқиш сўралган.
Шунингдек, Москва, Вашингтон 2016-2018 йилларда ноқонуний олиб қўйилган олтита мулкка тегишли Россиянинг АҚШдаги дипломатик мулки билан боғлиқ масалани, мамлакатлар ўртасидаги муносабатлардаги кўплаб “гиж-гижлаш хусусияти”ни берувчи омилларни бартараф этиш йўлларини муҳокама қилган.
Қайд этилишича, икки мамлакат халқлари манфаатлари йўлида икки томонлама муносабатларни яхшилаш учун шарт-шароитлар яратишга қаратилган амалий натижалар талаби алоҳида таъкидланган.
Ташқи ишлар вазирлиги учрашув мазмунли ва ишчанлик руҳида ўтгани, мулоқот давом этишини қайд этди.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарованинг сўзларига кўра, Москва Россия ва АҚШ вакилларидан “кўплаб безовта қилувчи омилларни ҳал қилиш йўлларини излашда” ва дипломатик миссиялар ишидаги муаммоларда икки давлат ўртасидаги ишончни мустаҳкамлашга ёрдам беришини кутмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг