Россия, Тожикистон ва Афғонистондан олиб келинган қарийб 80 кг наркотик моддалар тўхтатиб қолинди
Видеодан кадр
Россия, Тожикистон ва Афғонистондан олиб келинган қарийб 80 кг наркотик моддалар тўхтатиб қолинди, деб хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ДХХнинг Чегара қўшинлари ва Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида Узун туманида ўтказилган тезкор тадбирда, 20 ва 19 ёшли 2 нафар маҳаллий фуқаро 20 кг 374 гр «опий» ва 41 кг 668 гр «гашиш» гиёҳвандлик воситаларини Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб келган вақтларида ушланган.
Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, уларнинг жиноий шериги бўлган, Узун туманида яшовчи, 21 ёшли шахс ҳамда ажал оғусининг буюртмачиси ҳисобланган, Денов туманида истиқомат қилувчи, 25 ёшли фуқаро ҳам процессуал тартибда қўлга олинган.
Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ва ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят божхона бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда эса, Қозоғистондан халқаро ўтказиш пункти орқали мамлакатимизга кириб келган Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида яшовчи 34 ёшли шахсга тегишли юклар ўрнатилган тартибда текширилган.
Натижада мармар қуйма тош ичига яширилган 7 кг 902 гр «Мефедрон» синтетик гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланган.
Терговга қадар текширув давомида, наркокуръер моддий манфаатдорлик эвазига ушбу гиёҳвандлик воситасини Россия Федерациясининг Москва шаҳрида номаълум шахс томонидан Telegram бот орқали кўрсатилган манзилдан олиб, Ўзбекистондаги буюртмачига етказиб бериши кераклиги маълум бўлган.
Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, Бекобод туманида истиқомат қилувчи, 40 яшар фуқаро Ўрта Чирчиқ туманида ажал оғусини қабул қилиб олган вақтида ушланган.
ДХХнинг Фарғона ва Сурхондарё вилоятлари бўйича бошқармалари ходимлари томонидан амалга оширилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида афғонистонлик наркосавдогарлардан гиёҳвандлик воситаларини олиб, Фарғона вилоятида сотиш билан шуғулланган шахслар фаолиятига чек қўйилган.
Хусусан, Қўқон шаҳрида яшовчи, 61 ёшли аёл ва унинг 32 яшар, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган ўғли қўлга олиниб, улардан Афғонистондан контрабанда йўли билан келтирилган 5 кг 878 гр «опий» ва 3 кг 922 гр «гашиш» моддалари ашёвий далил сифатида олинган.
«Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида хориждан олиб келинган жами 79 кг 744 гр гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди», дейилади ДХХ хабарида.
Таъкидланишича, ҳозирда мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан Жиноят Кодексининг 246 ва 273-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг