Россия ракеталарини Осиёга жойлаштирмоқчи: бу нимани англатади?

11:59 26 Ноябрь 2024 Дунё
470 0

Россия Осиёга ўрта ва қисқа масофали ракеталарни жойлаштириш имкониятини кўриб чиқмоқда, деб маълум қилди Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков. Унинг таъкидлашича, АҚШ томонидан бундай қуролларни дунёдаги ҳар қандай минтақада жойлаштириш Россиянинг ҳарбий ва техник жавобларини белгилайди. Рябков бундай қарор рақибларнинг ўз танловига боғлиқлигини қайд этди.

Япония ва Тайвань ўртасидаги можаролар ортидан АҚШ ракета тизимларини Япониянинг жанубий оролларига ва Филиппинга жойлаштиришни режалаштирмоқда. Айни шу Москвани ҳаракатга келтирган. АҚШ Индо-Тинч океани қўмондони Адмирал Самуэль Папаро Хитой Тайваньга ҳужум қилиш учун энг йирик ҳарбий машқларни ўтказганини маълум қилиб, ўз ракеталарини жойлаштиришни шу билан хаспўшлаган.

Папаронинг сўзларига кўра, Хитой халқ озодлик армияси бир кунда 152 та денгиз кемаси билан ҳарбий машғулот ўтказган. У буни ўз фаолиятидаги энг катта ҳарбий машқлардан бири сифатида баҳолади. Хитойнинг Тайвань бўйича фаолияти АҚШ ва унинг иттифоқчиларини қўшимча чоралар кўришга ундамоқда.

Россия ўзининг Орешник ўрта масофали ракета тизимини ишлатиш бўйича чекловларга дуч келмаслигини таъкидлади. Бу ракета илк бор ўтган ҳафтада Украинанинг Днепр шаҳрига қарши қўлланилган. Сергей Рябков, шунингдек, Россиянинг бундай қуролларни жойлаштириш мораторийи АҚШнинг ҳаракатларига боғлиқлигини айтди.

Россия президенти Владимир Путин эса АҚШ томонидан 2026 йилгача Германияда узоқ масофали ракета жойлаштирилса, Россия бунга жавобан Ғарбга яқин масофада ўз қуролларини жойлаштиришини маълум қилди. У АҚШнинг бу йўналишдаги қадамларини катта хатолик деб атади.

ИНФ (Ўрта масофали ядро кучлари тўғрисидаги) шартномасига асосан, 1989 йилда АҚШ ва Россия 500-5500 км масофадаги ракеталардан воз кечишни келишиб олган эдилар. Шунга қарамасдан, 2019 йилда АҚШ бу шартномадан чиқишга қарор қилди. Россия ушбу қарорни танқид қилиб, бу ҳаракатни «нохолис баҳона» сифатида баҳолади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер