Россия ҳарбийлари қийин вазиятларда сеҳр-жодудан фойдаланмоқда — Reuters
Иллюстратив фото
Сўнгги вақтларда россияликларда қийин ижтимоий-иқтисодий шароитларда сеҳр-жоду ва мистик амалиётларга қизиқиш кескин ортиб бормоқда. Москвада фаолият юритувчи ўзини сеҳргар деб таништирган Наталья Малиновская сўнгги вақтларда янги мижозлар қатлами — Украина шарқида жанг қилаётган ҳарбийлар мурожаат қилаётганини маълум қилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, Наталья Малиновская севги сеҳрларидан тортиб “ёвуз кучлардан ҳимоя”гача бўлган хизматларни таклиф этади ва кўпинча мижозлар севги муносабатлари, жумладан, жуфтларига бўлган ишонч билан боғлиқ муаммолар юзасидан мурожаат қилади.
Малиновскаянинг айтишича, охирги пайтларда ҳарбийлар унга тез-тез мурожаат қилмоқда, аммо маросимларни фақат улар таътилга чиққан пайтда ўтказиш мумкин. “Фронтда маросим ўтказиш имконсиз — шам ёқиш ёки бошқа расм-русумларни бажариш учун шароит йўқ”, дейди у.
Россия жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази маълумотларига кўра, геосиёсий ва иқтисодий қийинчиликлар фонида аҳолида хавотир кучайиб, мистицизмга қизиқиш ортаётгани кузатилмоқда. 2025 йил март ойида эълон қилинган сўров натижаларига кўра, россияликларнинг 85 фоизи камида бир марта сеҳргарлик амалиётларига мурожаат қилган. Шунингдек, аҳолининг қарийб ярми айрим одамлар келажакни башорат қилиш ёки сеҳрли қобилиятларга эга бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди (2019 йилда бу кўрсаткич учдан бир қисмдан кам эди).
Россия православ черкови раҳбари Патриарх Кирилл фолбинлик ва сеҳргарликни “шайтон кучлари” билан боғлаб, уларнинг оммавий таъсирини танқид қилди. Қонунчилик ташаббуслари доирасида эса астрология ва “энергетик даволаш” каби хизматларни реклама қилишни тақиқлаш таклиф этилган. Черков вакиллари бу соҳани рақобат сифатида эмас, балки жамиятдаги муаммонинг бир кўриниши сифатида баҳолашини таъкидламоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг