Ромитанда байрами арафасида 8 та қишлоқдаги 800 дан зиёд хонадонлар тоза ичимлик сувидан баҳраманд бўлди

17:46 21 Декабрь 2019 Жамият
1160 0

Халқимизнинг йиллар давомида тўпланиб қолган муаммолари қисқа фурсатда амалга ошаётгани – янги Ўзбекистон яратишдаги дадил қадамларимиздир.

Ромитан туманидаги Хоса маҳалласи аҳли тоза ичимлик суви йўқлигидан азият чекишар эди. Янги йил байрами арафасида 8 та қишлоқдаги 800 дан ошиқ хонадонлар тоза ичимлик сувидан баҳраманд бўлди. Хоса, Ғазбирон, Суспатта ва бошқа қишлоқ аҳли учун бу чинакам байрам совғаси бўлди.

Хоса маҳалласида бунёд этилган сув иншоотининг ишга тушиш тантанасида оқсоқоллар, меҳнат фахрийлари, маҳалла аҳли, 4 сектор раҳбарлари, туман ташкилотлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Анжуманни вилоят ҳокими Ўктам Барноев очди:

-Очиғини айтиш керакки, 60 фоиз қишлоқларимиз аҳли тоза ичимлик суви йўқлигидан қийналар эди. Шофиркон, Жондор, мана бугун Ромитанда янги сув иншооти барпо этилгани халқимиз саломатлигини яхшилашга қўйилган қадам бўлди,-деди вилоят ҳокими.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи, фахрий муаллим Луқмон Бадалов дуога қўл очди:

-Илоҳим юртимизга кўз тегмасин, Ўзбекистон гуллаб яшнайверсин!

Анжуманда иштирок этган кекса деҳқонлар Абдураҳим Туйғунов, Қўлдош Султоновларнинг нек тилаклари ҳам барчани эзгу ишларга чорлади.

Хоса маҳалласи аҳли эса асрий орзулари амалга ошгани учун Юртбошимизга чексиз миннатдорчилик изҳор этдилар.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер