Робототехника қачон ўқитилади?
Иллюстратив фото
Ҳаёт шиддат билан олға босмоқда. Компьютер ва робототехникалар туфайли ўзгаришлар, кашфиётлар ҳар куни содир бўлаётир. Ёшларининг мазкур жараёнга муваффақиятли кириб бориши ва фаол иштирок этиши бугунги куннинг долзарб талабларидан биридир. Ушбу тараққиёт йўли таълим муассасаларидан бошланади.
Мамлакатимизда компьютер технологиясини ўрганишга оид дарслик ва қўлланмалар истаганча топилади. Бироқ робототехника фанини ўрганиш ҳали етарли даражада йўлга қўйилмаган. Ҳолбуки, робототехникани ўзлаштирмасдан дунё тараққиётига қўшилиб, унинг ютуқларига эришиб бўлмайди. Шу боисдан ҳам умумий ўрта таълим ҳамда ўрта махсус ва олий таълим муассасаларида робототехника алоҳида дарс сифатида ўқитилиши замон талабига айланиб улгурди.
Робототехника дарси ўзига хос қизиқарли бўлиши билан бирга мактабларда физика, математика, информатика дарсларини чуқурроқ ўрганиш, ёшларни чуқур фикрлаш қобилиятларини ривожлантириш, жамият ҳаётида ўз ўринларини ҳис этишлари учун жуда катта аҳамиятга эга. Бу эса ўқувчиларда ушбу дарсларга меҳрни кучайтиради, қизиқишини орттиради, назарий билимларини амалиётга татбиқ этишда самарали натижалар беради ва энг асосийси халқаро таьлим тизими “STEM — (Science, Technology, Engineering and Mathematics)”ни жорий қилинишида ўз ҳиссасини қўшади.
Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази томонидан бу борада бир қатор муваффақиятларга эришилмоқда. Хусусан, мактаб ўқувчиларининг қишки таътил вақтини мазмунли ва фойдали ўтказиш мақсадида “Innocamp” инновацион оромгоҳи ташкил этилди. Пойтахтимизда “International Robotics Challenge” — халқаро робототехника мусобақаси” ўтказилди. Юртимиз ёшлари Қозоғистон Республикаси Петрапвловск шаҳрида бўлиб ўтган халқаро мусобақада “Оригинал робот” номинацияси ғолиби бўлди. Айниқса, Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази билан Халқаро робототехника олимпиадаси қўмитаси (“International Robot Olympiad Committee”) ўзаро англашув меморандуми имзолангани улкан тарихий воқеа бўлди.
Юртимизда автоматизациялаштирилган технология бозори ҳали ривожланиш босқичида. Айни пайтда саноат роботларига талаб кундан-кун ошиб бормоқда. Шу маънода, вазирлигимиз бир қатор давлатларнинг бу борадаги тажрибасини чуқур ўрганиб, юртимиз саноат робототехникаси соҳасига кенг татбиқ этиб келмоқда. Масалан, Жанубий Кореянинг ТЭГУ саноат робототехникасини автоматлаштириш маркази билан самарали ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган. Ҳозирги пайтда Жанубий кореялик дўстларимиз Ўзбекистонда техно-парк ташкил қилишга қизиқиш билдирмоқда.
Шуни қайд этиш лозимки, робототехника фанини таълим тизимига изчиллик билан жорий этиш келажакда ёшларнинг замон талабларига мос фикрлаш доирасининг шаклланишига замин яратади. Қолаверса, нафақат робототехника соҳасида балки иқтисодиётнинг бошқа турли тизимлари ривожланишига туртки бўлади.
Акбархон СОБИРХОНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази директори ўринбосари.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг