Риштонлик қаҳрамон – «Казбек», «Осиё арслони»ни биласизми?!

17:49 09 Май 2022 Жамият
1811 0

Фото: Халқ сўзи

Иккинчи жаҳон урушида Фарғона вилоятининг Риштон туманида туғилиб ўсган ўзбек ўғлони Мамадали Топволдиевнинг қаҳрамонликлари тилдан тилга кўчиб, афсонага айланган.

Беларус юртида кўрсатган жасорати туфайли ушбу мамлакатдаги қишлоқлардан бири унинг шарафига «Топволдиевка» деб аталгани бежиз эмас. Унинг номини эшитганда душманнинг оёғи қалтираши, шахсан Гитлернинг ўзи Мамадали Топволдиевнинг боши учун катта миқдорда пул ваъда қилгани тарихий манбалардан маълум.

Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Риштоннинг қаҳрамон ўғлони Мамадали Топволдиев туғилиб ўсган Зоҳидон қишлоғида ташкил этилган мемориал музейининг тантанали очилиш маросимида унинг бу каби мислсиз жасорати ёдга олинди.

Тантанали тадбирда Фарғона вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Мамадали Топволдиевнинг Иккинчи жаҳон урушида кўрсатган қаҳрамонликларини алоҳида эътироф этди. Айниқса, Беларус ҳудудидаги жанглар ва партизанлик ҳаракатида улкан жасорат кўрсатиб, «Казбек», «Осиё арслони» номи билан машҳур бўлганини мамнуният билан таъкидлади.

Айни кунларда икки халқнинг Мамадали Топволдиевга юксак ҳурмати рази сифатида Фарғона вилоятида «Ўзбекфильм» ҳамда «Беларусфильм» миллий киностудияси ҳамкорлигида «Осиё арслони» номли фильмни суратга олиш ишларига олиб борилмоқда.

Тадбирда сўзга чиққан «Беларус фильм» миллий киностудияси Бош директори Владимир Карачевский Беларус халқи Мамадали Топволдиев кўрсатган жасоратни ҳеч қачон унутмаслигини айтиб ўтди. Ўзбек ўғлонининг мардлигидан ҳикоя қилувчи ушбу биографик драма ҳар икки мамлакат ҳудудида суратга олиниб, келгуси йилнинг 9 май куни премьераси ўтказилиши режалаштирилган.

Нуронийлар иштирокида рамзий тасма қирқилиб, тадбир иштирокчилари музей фаолияти билан танишдилар. Таъкидлаш ўринлики, музей қурилиши учун вилоят маҳаллий бюджетидан 1,5 млрд. сўм маблағ ажратилди.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер