Риштонда “Истеъмочилар уйи” қад ростлади

17:01 26 Август 2019 Жамият
2154 0

“Ўқинг ва ўрганинг. Жиддий китобларни ўқинг. Қолганини ҳаётни ўзи тушунтириб беради.” Ф.М. Достоевский

Китоблар инсоният руҳий бойликларининг дурдоналаридир. Бугун ёшлар дунёқарашини шакллантириш, уларда инсонийлик фазилатларини кучайтириш мақсадида китоб ўқишга яъни китобхонликка чорлаш давлат сиёсати даражасида қаралаётган воқеага айланди. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида ҳам ёш авлодни чин маънода илмга ошно қилиш, китобларни севишга ундаш вазифаси турибди. Чиндан китоб ўқиган, ундан ҳаётни англаган инсондан ёмонлик чиқмайди. Боиси китоб, адабиёт инсон қалбини гўзалликка чорлайди, бошқалар англай олмайдиган саккизинчи мўжизани ҳис этишга сабабчи бўлади. Қачон ёшлар китобга чин маънода меҳр қўйиши, ўзи истаб мутолаа қилиши мумкин? Қачонки китоб ўқишга шароит ва имкониятлар яратилса... Дунёнинг ривожланган мамлакатларига борсангиз китоб дўконлари кўплигига гувоҳ бўласиз. Бундан ташқари, хиёбонлар, умумий овқатланиш жойлари, бекатлар, метро ва бошқа аҳоли гавжум жойларда ҳам китоб ўқишга шароитлар яратиб қўйилган. Демак, йигит-қизларга китоб ўқи, дея дашном беришдан аввал уларга шароит яратиб бериш лозим. Бугун фақатгина мутасадди ташкилотлар эмас, фарзандлар тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир ташкилот ва инсон китоб ўқиш учун шароит ҳамда имкониятлар яратишга ҳаракат қилиши лозим.

Шу маънода Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан жойларда “Истеъмолчи кутубхонаси”, “Истеъмолчилар уйи” лойиҳаларини амалга ошириш бўйича кенг кўламли ишлар режалаштириб олинди. Федерация тизимидаги ташкилотлар ичида биринчи бўлиб, Олтиариқ туманида “Истеъмолчи кутубхонаси” бунёд этилди ва ишга туширилди. Кутубхона бугунги кунда туман аҳолиси, аввало, ёшлар учун ўзининг хизматларини кўрсатиб келмоқда.

Федерация республикамизнинг 40 дан ортиқ туман ва шаҳарларида бу каби лойиҳаларни амалга оширишни ўз олдига мақсад қилиб олган. Бугунги кунда биргина Фарғона вилоятининг Бағдод, Данғара, Қўштепа, Фарғона туманларида мазкур лойиҳалар асосида қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Фарғона шаҳрида қуриладиган “Истеъмолчилар уйи” лойиҳалаш-экспертиза босқичидан ўтиб, қурилиш ишларини бошлаш арафасида турибди.

Президентимизнинг Бешта муҳим ташаббусни амалга ошириш доирасида Риштон туманида амалга оширилган лойиҳа республикамизда иккинчи, лойиҳанинг ўзига хослиги бўйича республикада биринчи дейишимиз мумкин. Сабаби бу ерда “Истеъмолчи кутубхонаси” билан бир қаторда туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти маъмурий биноси ҳам қад кўтарди. Лойиҳа бўйича “Истеъмолчи кутубхонаси” ва жамият маъмурий биноси яхлит “Истеъмолчилар уйи” комплексини ташкил қилди.

Кўзланган мақсад туман жамиятига турли масалаларда ташриф буюраётган истеъмолчилар, бу ерда нафақат ўзларини қийнаб турган муаммолари билан мурожаат қилишлари, бепул ҳуқуқий маслаҳат олишлари, балки қўшимча маънавий озуқа олишлари учун ҳам шароит ҳозирланмоқда.

“Истеъмолчилар уйи”ни очилишида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқов бошчилигидаги федерация марказий аппарати масъуллари, тизимнинг вилоят ҳудудий бирлашмалари ва туман (шаҳар) жамиятларида меҳнат фаолияти олиб бораётган раҳбар ва масъул ходимлар, Риштон туман ҳокимлиги масъуллари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар. Қилинаётган саъй ҳаракатлардан мақсад Ватан равнақи, юрт тинчлиги учун хизмат қиладиган қалб кўзи очиқ, теран дунёқарашли ўғил-қизларни вояга етказишдир. Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги арафасида Риштонда қад ростлаган “Истеъмолчилар уйи” ва “Истеъмолчи кутубхонаси” туман аҳли учун чин маънода байрам туҳфаси бўлди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер